Uz / Ўз Ru En

Toshkent

09/Март/2020   9 май - Хотира ва қадрлаш куни

Жомбойлик қаҳрамон командир – Аҳмаджон Қурбоновнинг биринчи марта чоп этилаётган жанговар маҳорати тарихи


ТОШКЕНТ, 9 март. /«Дунё» АА/. Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб инсонлар қалбида битмас жароҳат қолдирди. Фашизмга қарши курашда салкам ярим миллионга яқин ўзбек ўғлони қаҳрамонларча ҳалок бўлди ва 640 нафари жароҳатланди. Юз мингдан ортиқ ҳамюртимиз жангоҳларда бедарак йўқолди.

Самарқанд вилоятидан урушга сафарбар этилганларнинг 77 мингдан кўпи фронтдан омон қайтмади. Улар орасида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, тажрибали командир Аҳмаджон Қурбонов ҳам бор. Гвардиячи майор Қурбонов қаҳрамонлик нишони – Олтин юлдуздан ташқари Ленин, жанговар Қизил Байроқ, 3-даражали Кутузов, Суворов, Қизил юлдуз, 1-даражали Ватан уруши орденлари ва кўплаб медаллар билан тақдирланган.

У 1-Белоруссия фронти, 65-армия, 44-гвардиячи ўқчи дивизия, 128-гвардиячи ўқчи полки таркибида Белоруссия ва Польшанинг кўплаб шаҳарларини фашистлардан озод қилишда, Станлинград ҳимояси учун бўлган жангларда қатнашган.

1921 йил, 10 октябрда Жомбой туманидаги «Шерқўрғон» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Тепа қишлоғида туғилган қаҳрамон келажакда тарихчи бўлишни орзу қилганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиган Аҳмаджон Қурбонов педагогика техникумида таҳсил олади. Бир муддат туман комсомол комитетининг биринчи котиби лавозимида фаолият олиб борди. Кейинчалик у раҳбарларнинг топшириғига асосан Тожикистоннинг Кўлоб мактаблардан бирига ўқитувчиликка жўнатилади. 1938 йил Ярославль шина заводига ишга киради ва Мария Смирнова исмли рус аёлига уйланади.

1940 йил Ярославл шаҳри Киров тумани ҳарбий комиссариятидан армияга сафарбар этилиб, Тамбов пиёда қўшинлари билим юртига ўқишга жўнатилади. 1941 йил кузда билим юртини аъло баҳолар билан тугатган иқтидорли ва ҳаракатчан Аҳмаджон Қурбонов қўмондонликнинг тавсиясига кўра «Выстрел» юқори лавозимли офицерлар тайёрлаш курсига юборилади. 1943 йил бошида катта лейтенант унвонини олган ўзбек йигити 128-гвардиячи ўқчи полкнинг алоҳида чанғи батальонидаги 2-махсус чанғи ротасига командир этиб тайинланади.

Февраль ойининг қаҳратон қишида алоҳида чанғи батальони тезкор ҳаракатланиш эвазига душманга қақшатгич зарба бериш амалиётида иштирок этди. Ана шу жангларда у икки марта яраланди. Тажрибали командир 1944 йилни душман билан бўлган урушда янги-янги қаҳрамонликлар билан кутиб олди. 1943 йил 24-28 декабрь кунлари Жердь қишлоғи (Гомель вилояти, Светлогорск райони) ҳимояси учун бўлган жангда фашистлар томонидан уюштирилган еттита ҳужумни ўз ротаси билан муваффақиятли бартараф қилди. Жанг давомида иккита пулемёт, икки нафар душман асирга олинди ва босқинчиларнинг 120 га яқин аскар ва офицери яксон этилди. Ушбу жасорати учун Аҳмаджон Қурбонов дивизия командири Никита Коришко томонидан мукофотга тавсия этилди ва 3-даражали Суворов ордени билан тақдирланди.

 1944 йил ёзида капитан унвонини олиб улгурган иқтидорли офицер батальон командири этиб тайинланди. Бобруйск йўналишида фашистлар ҳимоясини ёриб ўтиш жангларида Аҳмаджон Қурбонов кўрсатган жасорат ва қаҳрамонликлар қўмондонлик томонидан ўзбек командирининг ҳарбий санъати ҳамда иқтидори дея баҳоланди. Батальон уч кун давом этган шиддатли жангларда 45 километр олдинга ҳаракатланиб, Нарев дарёси бўйига чиқди. Фашистлар дарёнинг нариги қирғоғида мустаҳкам ўрнашиб олганлиги учун капитан Қурбонов ўзига хос тактик айёрлик қўллашга қарор қилди.

У батальоннинг кам сонли жангчиларига душманни чалғитиб, дарёни уларнинг шундоққина қаршисидан кечиб ўтишга топшириқ берди. Ўзи эса асосий кучлар билан эътибор тортмайдиган томондан босқинчилар ҳимоя қилаётган Корневек қишлоғи ҳудудига ҳужум ташкиллаштирди. Капитаннинг режаси муваффақиятли амалга ошди. Кам сонли қурбонлар эвазига душманнинг Нарев дарёси бўйидаги муҳим позицияси ишғол қилинди. Бунинг натижасида 128-гвардиячи ўқчи полкига Польшанинг Сероцк шаҳри йўналишида ҳаракатланиш имконияти яратилди.

Аҳмаджон Қурбонов кўрсатган жасорат ва қаҳрамонлик муносиб тақдирланди. Унга ўша даврнинг энг олий мукофотларидан бири – жанговар Қизил Байроқ берилди. Шунингдек, Нарев дарёсини кечиб ўтишдаги тактик маҳорати туфайли ўзбек командири Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига тавсия этилди.

128-гвардиячи ўқчи полк ва Қурбонов батальони 1945 йил январь ойида муваффақиятли юришни давом эттирган ҳолда стратегик аҳамиятга эга бўлган 91,3-рақамли тепаликни ишғол қилди. Фашистлар қўлдан бой берилган ҳудудни қайтариб олиш учун бир неча марта танклар ва бронетранспортёрлар кўмагида ҳужумга ташланди. Аммо фашист босқинчиларининг барча урунишлари майор Аҳмаджон Қурбоновнинг жангни маҳорат билан бошқариши эвазига бартараф қилинди.

Ана шу ҳужумларнинг бирида душман олтита танки, тўртта бронетранспортёри, 12 та пулемёт нуқтаси, 185 нафар солдат ва офицери яксон этилди. Бундан ташқари гитлерчиларнинг битта танки ҳамда 13 нафар жангчиси асирга олинди. Қўмондонлик ўзбек ўғлонининг ушбу жангдаги маҳоратини муносиб баҳолаб, гвардиячи майорни 3-даражали Суворов ҳамда 1-даражали Ватан уруши орденлари билан тақдирлади.

Афсуски, эндигина 24 ёшни қаршилаган Аҳмаджон Қурбонов Польшани озод этиш учун олиб борилган жангларда ҳалок бўлди. У Куявск-Поморск воеводалиги, Шиних (Шыных) қишлоғида совет жангчиларининг биродарлик қабристонига дафн этилган. Жангларда кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги учун СССР Олий Президиумининг 1945 йил 24 мартдаги қарори билан гвардиячи майор Аҳмаджон Қурбоновга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди.

Аҳмаджон Қурбоновнинг тарихини ўрганиш жараёнида шунга амин бўлиш мумкинки, жасур ўзбек қаҳрамони келажаги порлоқ командирлардан бўлган. Буни унинг «Выстрел» юқори лавозимли офицерлар тайёрлаш курсига юборилиши, фронтга гвардиячи полк таркибига жўнатилиши ва унга берилган орденларнинг аҳамиятидан билиб олса бўлади. Суворов, Кутузов ҳамда Қизил Байроқ орденлари билан қандай ҳолатларда тақдирланиш мумкинлигига эътибор қаратсак.

Қизил Байроқ ордени – Собиқ иттифоқнинг биринчи ордени. Бу орден билан жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган жасурлик, қаҳрамонлик ва фидокорлик наъмуналарини намоён этган шахслар мукофотланган. Суворов ва Кутузов орденлари билан эса қўшинни бошқариш борасида улкан муваффақиятга эришган командирлар тақдирланган. Бундан ташқари у вазиятни тактик бошқара олиш қобилияти билан бир неча муҳим жангларда ўз иқтидори ва маҳоратини намойиш қилган.

Биз қаҳрамоннинг ҳаёт йўли ҳақида кенгроқ маълумот тўплаш масадида Жомбой туманида бўлдик. У ерда бизга ўзларини Аҳмаджон Қурбоновнинг жиянларимиз дея таништирган Яхшилик бобо ва Зокир Мирзақобилов билан суҳбатлашдик. Уларнинг айтишларича, қаҳрамоннинг Мария Смирнова билан турмушидан Тамара Қурбонова исмли қизи ва икки невараси бор экан.

Ҳозирги кунда Тамара Қурбонова Санкт-Петербургда яшамоқда. Ота юртига икки марта меҳмонга келиб кетган. Аҳмаджон Қурбоновнинг ота-онаси, укаси ва сингилси эса анча илгари вафот этган дейишди. У ўқиган мактабда бюст ўрнатилган. Жомбой шаҳридаги кўчалардан бири ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини Аҳмаджон Қурбонов номи билан аталади.

Аҳмаджон Қурбоновнинг фронт йўлида босиб ўтган жанговар йўли, ҳарбий маҳорати тарихи биринчи марта чоп этилмоқда. Чунки Россия мудофаа вазирлиги архивида сақланган Иккинчи жаҳон уруши маълумотлари яқин кунларгача мутлақо махфий гриф билан ошкор этилмаган.

24 ёшида қўмондонлик қобилиятини намойиш эта олган ўзбек йигитининг тарихини ёритишда мукофотга тавсия қилинган буйруқлар, дивизиянинг жанговар йўл харитаси ва жанг тафсилотлари ҳақидаги ҳужжатлардан фойдаландик.

Асрор РЎЗИБОЕВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Мавзуга оид

Иккинчи жаҳон урушида вафот этган ўзбеки...

Мамлакатимизнинг Украинадаги элчихонаси вакиллари Херсон вилоятининг Скадовск тумани Благо...

Шавкат Мирзиёев «Матонат мадҳияси» ёдгор...

Давлатимиз раҳбари 9 май куни ушбу шонли сана муносабати билан барпо этилган Ғалаба боғига...

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағба...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Сўнгги янгиликлар