29/Июнь/2022 Конституциявий ислоҳотлар
АР-РИЁД, 29 июнь. /«Дунё» АА/. Саудия Арабистонида доимий яшовчи ватандош, ишбилармон Абдужалил Асрорни мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди.
– Ота-боболаримиз туғилиб улғайган она-замин – Ўзбекистон диёрида кечаётган жараёнлар, республика ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар хориждаги ўзбек ватандошларининг доимий диққат марказида.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларни давр ва замон талаби, деб биламан.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, даҳлсиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари масаласи билан боғлиқ аниқ таклифлар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилганини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини кўзда тутиш, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши каби таклифларнинг қўшимча равишда Асосий қонунга киритилиши Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга, унинг эртанги ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда кафолат яратишига ишонаман.
Янги норма ва қоидаларни ўз ичига олган Асосий қонун халқ Конституцияси бўлиб, Ўзбекистон аҳлининг фаровон ҳаёти учун хизмат қилишига, мамлакатимизни дунёдаги энг илғор давлатлар сафидан муносиб жой олишини таъминлашига аминман.