30/Март/2020 Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили
БРЮССЕЛЬ, 30 март. /«Дунё» АА/. Европанинг Осиё тадқиқотлари институти катта илмий ходими Альберт Туркстра Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясини Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига оид фармонга ўз муносабатини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Европалик экспертнинг фикрига кўра, Давлат дастури Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган кенг кўламли ва аҳоли фаровонлигига йўналтирилган ислоҳотларни амалга оширишга имкон беради.
«Фармонда ресурсларнинг катта қисми фан, технологиялар ва инновацияларни ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланган эди. Дунё ҳамжамияти инсон эҳтиёжларини қондиришнинг янги, инновацион ва барқарор усулларини ишлаб чиқиш орқали 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни мақсад қилган. Ўзбекистон бу каби мақсадларга эришишда фан ва техника имкониятларидан унумли фойдаланишга интилаётгани қувонарли ҳол», дейди Альберт Туркстра.
Шунингдек, эксперт иқтисодиётни рақамлаштиришга жалб этилаётган қисқа ва ўрта муддатли инвестициялар истиқболда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришнинг устувор йўналишларидан бирига айланишини таъкидлайди. Ўзбекистон иқтисодиётни диверсификация қилишга интилаётгани натижасида давлат бошқаруви, давлат хизматлари даражаси ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, ўзбек ёшлари учун янги иш ўринлари яратиш каби йўналишларда ижобий натижаларга эришиши билдирилади.
“Ўзбекистонда иқтисодиётни рақамлаштиришга қаратилаётган давлат даражасидаги эътибор Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегиясига мос келади. Шунингдек, рақамлаштириш икки минтақанинг келгусидаги ҳамкорлиги учун муҳим йўналиш сифатида белгиланган”, дейди эксперт.