29/Июнь/2022 Тарих
ТОШКЕНТ, 29 июнь. /«Дунё» АА/. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонаси, Хатак бўлими, Боғли дара массивида милоддан аввалги 100−40 минг йилликка оид неандертал одам макони топилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Туризм ва маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, Хатак ғори 2021 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази докторанти Холиёр Ойназаров томонидан петроглифларни қидириш жараёнида топилган. Ёдгорликда ўрганиш ва дастлабки қазишмалар 2022 йил июнь ойида олиб борилган.
Қазишма давомида вертикал қоянинг юзасида 15−20 метр баландликда ҳосил бўлган ва кириш жуда қийин бўлган ушбу ғорда тош қуроллар, ёввойи ҳайвонларнинг майдаланган суяклари билан бирга 100−60 минг йил олдин яшаган неандертал одам ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси (кул, думалоқ ўчоқ қолдиқлари) сақланиб қолганлиги аниқланди.
«Айни дамда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази бош илмий ходими, археолог Рустам Сулайманов ва Австралиянинг Гриффет университетининг Инсон эволюциясини тадқиқ этиш маркази палеонтологи Жулиен Луис томонидан қазишма ишлари давом эттирилмоқда», дейилади манбада.