18/Февраль/2022 Президент
ТОШКЕНТ, 18 февраль. «Дунё» АА/. 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда «Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланади, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президент томонидан имзоланган «2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорда қайд этилган.
Ҳужжатга кўра, пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида алоҳида дастурлар асосида халқ сайиллари ташкил этилади. Байрам арафасида умумхалқ ҳашарлари ўтказилади
Қарорда Ўзбекистон Бош вазири раҳбарлигида Наврўз байрамини юксак савияда ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилди. Қўмитага ҳудудларда, шаҳар ва қишлоқларда Наврўз умумхалқ байрамининг умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланишини таъминлаш юклатилган. Ташкилий қўмитага, шунингдек, “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш концепцияси ва ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Мазкур концепция ва дастурни тайёрлашда барча тадбирларни том маънода умумхалқ сайли ва шодиёнаси сифатида ўтказиш, уларда кенг халқ оммасининг фаол иштирок этишини таъминланади.
Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари қарорида, шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш назарда тутилмоқда. Унга кўра, Наврўз умумхалқ байрами арафасида республиканинг барча ҳудудларида, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.
Ҳужжатда байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, китоб расталари, кўчма савдо дўконларини ташкил қилинади, кўклам таомлари тайёрланиб, уларнинг савдоси йўлга қўйилиши қайд этилди
2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами сайиллари ва тадбирлари коронавирусга қарши мамлакатимизда ўрнатилган карантин қоидалари ва жамоат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади, дейилади қарорда.