Uz / Ўз Ru En

Toshkent

09/Июнь/2020   Иқтисодий дипломатия

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлагида биринчи блок-поезд ишга туширилди


ТОШКЕНТ, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Шу йилнинг 5 июн куни Ганьсу вилоятидаги (Хитой) “Ланьчжоу” темир йўл станциясидан "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб электротехника маҳсулотлари юкланган 25 контейнердан иборат биринчи блок-поезд Туркманистонга йўл олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегациясининг жорий йил январь ойидаги Хитойга ташрифи давомида “Хитой темир йўллари” Давлат корпорацияси, Транспорт вазирлиги, Ислоҳотлар ва ривожланиш ишлари бўйича давлат қўмитаси, Цзяньсу, Хенань, Шэньси, Ганьсу вилоятлари, Шинжон – Уйғур автоном тумани (бундан буён матнда - ШУАТ) маъмурияти ҳамда “Ляньюньган” денгиз портида бир қатор учрашувлар ўтказилган эди.

Ташриф якунига кўра, “Қошғар - Иркештом - Ўш - Андижон" транзит қисмида автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб блок-поездни биргаликда йўлга қўйиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

ХХР денгиз портлари ва ўлкаларидан юклар темир йўл орқали йирик транспорт маркази жойлашган Қошғар шаҳрига олиб келинади. Бу ерда юк оқимлари жамланади ҳамда йўналишларида давом этиш учун темир йўл транспортидан автомобиль транспортига ўтказиш ишлари амалга оширилади.

Айни пайтда транспорт йўлагининг самарадорлигини ошириш мақсадида хитойлик шериклар билан биргаликда Хитой ҳудудида юк ташиш учун чегирмалар жорий қилиш, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали контейнерларни ташишни мослаштириш ва Қошғардаги логистика марказининг ўтказиш қобилиятини ошириш масалалари устида иш олиб борилмоқда.

Ушбу транспорт йўлагининг узунлиги Хоргос ва Достиқ (Қозоғистон) чегара пунктлари орқали ўтган муқобил йўналишлардан 320 километрга қисқароқ. Бу, ўз навбатида, юкларни етказиб бериш вақтини қисқартиради. Шунингдек, янги йўналишни халқаро савдо иштирокчилари учун жозибадор ва рақобатбардош қилиш имконини тақдим этади.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва ...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқо...

Ўзбекистон элчиси Нидерландиядаги “QTI S...

Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонаси мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини о...

Кувайтга Ўзбекистон тиббий ниқобларининг...

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тиббий ниқобларнинг навбатдаги жўнатмаси Кувайт бозорига етк...

Сўнгги янгиликлар