Uz / Ўз Ru En

Toshkent

30/Декабрь/2020   Таҳлил

Бахтиёр Мустафоев: Минтақавий ҳамкорлик – замонавий таҳдидларни бартараф этишнинг муҳим кафолати


ТОШКЕНТ, 30 декабрь. /«Дунё» АА/. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти марказ раҳбари Бахтиёр Мустафоев «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига Мурожаатномаси бўйича ўз муносабатини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

– 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаати бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг нутқи ўзининг долзарблиги ва стратегик аҳамияти билан бугун сиёсий экспертлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада Марказий Осиё Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини  алоҳида таъкидлаб ўтди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимий равишда давлатимиз раҳбарининг диққат марказида, буни биз Президентимизнинг нуфузли минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг юқори минбарларидан туриб минтақа масалалари бўйича илгари сурган таклиф ва ташаббусларида ҳам кўришимиз мумкин.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Марказий Осиёни ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканига яна бир бор урғу беришининг қуйидаги муҳим жиҳатларини  алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.

Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг узвий ва чамбарчас қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош минтақадаги ягона давлат, яъни минтақадаги у ёки бу давлатдаги ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳадаги ўзгаришлар бевосита Ўзбекистонга таъсир қилади.  Қолаверса, транспорт, иқтисодиёт, энергетика ва сув соҳасидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш минтақа давлатларининг ҳамкорлик даражасига боғлиқ. Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнаши Ўзбекистон Республикасининг бош мақсади ҳисобланади.

Иккинчидан, барчамизга маълум Марказий Осиё геостратегик минтақа ҳисобланади. Бунга бир томондан минтақанининг қулай географик ҳудудда, яъни муҳим минтақавий ва халқаро транспорт йўлаклари кесишмасида жойлашгани, бой табиий ресурсларга эга экани сабаб бўлса, иккинчи томондан Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар тизимида муҳим ўрин тутадиган Яқин Шарқ, МДҲ ва Осиё давлатлари билан чегарадошлигидир. Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиё дунёнинг етакчи давлатларининг манфаатлари кесишган ҳудуддир.

Юқоридаги омиллар минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга фақатгина ўзаро тушуниш ва манфаатларга асосланган ҳамкорлик орқали эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистоннинг бугунги кундаги очиқлик, яхши қўшничилик, стратегик шерикчилик, ўзаро ишонч ва мавжуд муаммоларни оқилона муроса йўли билан ҳал этиш тамойилларига асосланган мутлақо янги минтақавий сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлашда, минтақанинг ҳамкорлик маконига айланишида муҳим гаров сифатида хизмат қилишидан далолат беради.

Учинчидан, парламентга Мурожаатномада Президентимиз томонидан Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш масаласининг кўтарилгани, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликнинг барқарор ривожланишига қатъиийлигини ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаат ва ишончга асосланган ҳамкорликнинг узоқ муддатли характерга эга эканлигини яна бир карра исботлайди.

 Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайланганидан кейин илк бор Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши экани тўғрисида 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида айтган эди.

Ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва натижаларни таҳлил қилсак, бутун дунёда кўп томонлама ҳамкорлик инқирозга учраган ва ўзаро ишонч камайиб кетаётган бир вақтда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга чиқаётганлигини кўришимиз мумкин.

Тарихан қисқа вақт ичида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Энг асосийси, аввал минтақавий ҳамкорликни ривожланишида тўсиқ ҳисобланган чегара ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича муҳим ва ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Президентимизнинг ташаббуслари билан ҳамкорликнинг янги механизмлари ташкил этилди. Бунга мисол сифатида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини, парламентлараро гуруҳлар, чегараолди ҳудудлар ҳамкорлиги кенгаши, вазирлик ва идоралараро комиссиялар, инвестиция фондларининг ташкил этилганлигини айтиш мумкин.

Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсати натижасида Марказий Осиёда шаклланган сиёсий муҳит бугун минтақа давлатларининг улкан иқтисодий салоҳиятини очишга муҳим ҳисса қўшмоқда. Юқоридаги гапларнинг тасдиғи сифатида Марказий Осиё давлатларида ташқи савдо айланмаси ва инвестиция ҳажмининг, туристлар сонининг ошганлиги мисолида кўришимиз мумкин.

Хусусан, 2019 йил минтақа давлатларининг ташқи савдо айланмаси ҳажми 2016 йилга нисбатан 56 фоизга ошиб 168,2 миллиардни ташкил этди. Минтақа давлатларига жалб қилинган инвестициялар ҳажми эса 2019 йил 2016 йилга нисбатан 40%га ошиб 37,6 миллиардни ташкил этди. Марказий Осиё давлатларига ташриф буюрувчи туристларнинг сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Мисол тариқасида минтақа давлатларига 2019 йил келган туристлар сони 2016 йилга нисбатан 93%га ошиб 18,4 миллион кишини ташкил қилди.

Минтақавий ҳамкорлигининг давлатлар хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини биз коронавирус пандемияси даврида кўришга муваффақ бўлдик. Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда минтақадаги янги сиёсий муҳит натижасида қисқа вақт ичида пандемияга қарши мувофиқлаштирилган сиёсат олиб боришга муваффақ бўлишди.

Натижада пандемия даврида коронавирусга қарши курашда тиббиёт соҳасида ахборот ва тажриба алмашинуви, ўзаро гуманитар ёрдам кўрсатиш, чегараларда юкларнинг узлуксиз ҳаракатланишини йўлга қўйишга эришилди. Бу эса минтақада дунёнинг бошқа давлатларига нисбатан коронавирус билан касалланиш ва унинг натижасидаги ўлим сонининг камлигини таъминлашга имкон берди. Хусусан, 29 декабрь ҳолатига кўра Марказий Осиёда коронавирус билан касалланганлар сони 375 минг кишини, яъни дунёдаги жами касалланганларнинг 0,5 фоизини ташкил этди. Ўлим ҳолати коронавирус билан  касалланганларнинг 1,7 фоизидан иборат бўлган бўлса, дунёда бу кўрсаткич 2,1 фоизни ташкил этди. Бир сўз билан айтганда, минтақавий ҳамкорлик замонавий таҳдидларни бартараф этишнинг муҳим кафолати эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Шу нуқтаи назардан бугун Президентимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари асосида ривожланаётган минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиё давлатлари муносабатларида янги саҳифани очди десак муболаға бўлмайди. Президентимиз томонидан Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномада Марказий Осиёнинг ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканини яна бир бор таъкидланиши, Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ўзининг барча имкониятлари ва салоҳиятини сафарбар қилишидан далолат беради.

Мавзуга оид

СМТИ: Ўзбекистон Афғонистон учун кенг қа...

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаг...

Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Манл...

Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича давлат котиби Манлио ди Стефано ўзининг Fa...

Мустақил Ўзбекистон – янги стратегия, ян...

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар...

Сўнгги янгиликлар