09/Январь/2022 Таълим
ТОШКЕНТ, 9 январь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 23 февраль куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Таълимда замонавий трендлар: хорижий тиллар ва халқаро иқтисодиёт» мавзусига бағишланган илмий-амалий анжуман ташкил этади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ЖИДУ томонидан тақдим этилган маълумотда қайд этилишича, тадбир ўзбек, рус ва инглиз тилларида уюштирилади.
Маълумки, иқтисодиёт глобаллашуви шароитида чет тилларни билиш жаҳон бозоридаги вазиятни холисона баҳолаш, корхоналарнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш борасидаги стратегияни ишлаб чиқишда ёрдам берадиган муҳим маҳсулотга айланмоқда. Иқтисодчи учун чет тили амалий иқтисодиётнинг энг замонавий йўналишларига йўл очади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, чет тилини билмай туриб иқтисодчи бўлиш мумкин эмас, чунки иқтисодиётга оид тушунчаларнинг аксарияти хорижий мамлакатларда ривожланган.
Конференцияда «Турли таълим муассасаларида универсал масофавий таълим шароитида ўқитишнинг ўзига хос хусусиятлари: муаммолар, тажрибалар, истиқболлар», «Халқаро иқтисодиёт ва менежмент соҳасида чет тилларни ўқитишнинг долзарб масалалари», «Рақамли иқтисодиёт: бизнесни ўзгартириш тенденциялари ва истиқболлари», «Сунъий интеллект даврида таржима: турли ёндошувлар интеграцияси, таржимани педагогик воситага айлантириш», «Мутахассислик учун хорижий тилларни ўқитишда фанлараро интеграция таълимининг аҳамияти: тажриба, ютуқлар, муаммолар ва ечимлар» мавзулари муҳокама қилинади.
Анжуман учун илмий мақолалар 1 февралга қадар электрон нусхада қабул қилинади.