17/Январь/2022 Ватандошларимиз
СEУЛ, 17 январь. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореянинг Ўзбекистон фуқаролари зич истиқомат қиладиган шаҳарларидан бири - Пучон шаҳрида ватандошлар билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур тадбир мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ҳамда Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси томонидан ташкил этилиб, “Инстаграм” тармоғи орқали онлайн шаклда ёритилди.
Тадбир давомида фуқароларга мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, тиббиёт, таълим ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ватандошларимиз томонидан Корея Республикасида мамлакат тартиб-қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳақида ҳам сўз юритилди, уларнинг олдини олиш бўйича маълумот ва тавсиялар берилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси томонидан шартнома асосида ишлаётган ишчиларимизнинг муаммоларини ўрганиш, янги тартиб қоидалар ва бошқа масалалар бўйича маслаҳатлар берилди.
Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмасининг вазифалари ва унга аъзо бўлишнинг юртдошларимизга манфаатли томонлари ҳақида маълумотлар берилди.
Учрашувда бевосита иштирок этган ватандошлар ҳамда мазкур тадбирни онлайн кузатган юртдошларимиз ўзларини қизиқтирган масалалар ва мавжуд муаммолар бўйича саволларига батафсил маълумот олди.