24/Май/2022 Ватандошларимиз
СЕУЛ, 24 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Корея Республикасининг Бандликка рухсат бериш (EPS) тизими орқали Ўзбекистондан ушбу мамлакатга Е-9 визаси асосида фуқароларимиз мунтазам равишда кириб келмоқда, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жумладан, жорий йил 16 май куни ватандошларимиздан иборат навбатдаги гуруҳ Жанубий Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ташкилий тарзда келди.
Меҳнат мигрантларимизнинг ҳар бир гуруҳи билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ушбу давлатдаги ваколатхонаси томонидан мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги элчихонаси вакиллари иштирокида онлайн-мулоқотлар ташкил этиш анъанага айланган.
Элчихона томонидан ташкиллаштирилган навбатдаги онлайн-тадбирда юртдошларимизга консуллик-ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш, шунингдек, миграция ва ҳуқуқий йўналишда ёрдам бериш ва қабул ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ватандошларимизга мазкур давлат қонун ва қоидалари батафсил тушунтирилди, қонуний меҳнат фаолиятининг ва иш жойини ўзгартирмасдан иш олиб боришнинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди.
Ўрнатилган тартиб интизомга риоя қилиш келгусида Корея Республикаси билан меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик барқарор бўлишига бевосита таъсир кўрсатиши алоҳида таъкидланди.