Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

24/Декабрь/2020   Ватандошларимиз

Жанубий Кореядаги ватандошлар сармоявий лойиҳаларини мамлакатимиз иқтисодиётига йўналтириш янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади


Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётини изчил ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Ушбу жараёнда хориждаги ватандошларимизнинг Ўзбекистонда ўз бизнес фаолиятини ташкил этиш учун қулай шароит яратиш,  ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашда кенг имкониятлар тақдим этиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишига доир чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда республикамиздаги мутасадди идоралар, ҳокимликлар ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарга дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимиз, хусусан, меҳнат муҳожирларининг аниқ базасини яратиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Президентимиз яна бир муҳим йўналиш — «Олтин дафтар» атамасини жорий қилишни таклиф қилди. Ягона маълумотлар базасини яратиш, унга чет элда меҳнат қилаётган ватандошларимиз — потенциал сармоядорлар, нуфузли хорижий университетларнинг ўқитувчи-профессорлари ва халқаро ташкилотлар ходимлари киритилиши лозимлиги қайд этилди.

Бу билан хориж бозорларида муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркор-юртдошларимиз, етакчи олий билим юртларида самарали меҳнат қилаётган профессор ва ўқитувчилар, халқаро ташкилотларда ишлаётган етук мутахассислар, шунингдек, оддий фуқароларимизнинг мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг ўта долзарблигини яна бир бор кўрсатди.

Белгиланган долзарб вазифаларни сифатли ва самарали бажарилиши учун ҳар бир мутассади идора, ҳокимлик ва хориждаги дипломатик ваколатхона, жумладан, мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси бу борада ўз “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқди.

Биз салоҳиятли ватандошларни излаб топиш ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижга экспорт салмоғини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз рўйхатини тузиш, уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида элчихонанинг “Олтин дафтар”и ва “Олтин тахта”сини ташкил этдик.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугун Жанубий Корея ҳудудида 70 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди, уларнинг 50 мингдан ортиғи меҳнат фаолияти билан шуғулланади.

Юртдошларимиз бир ойда ўртача 2–2,5 минг доллар атрофида иш ҳақи топади. Уларнинг аксарияти, одатда, 5 йиллик меҳнат шартномасини кейинги муддатга узайтиради. Бунинг самарасида мигрант ватандошларимиз ҳисобида салмоқли миқдорда маблағ йиғилади. Лекин кўп ҳолларда улар оғир меҳнат қилиб топган маблағини унча зарур бўлмаган эҳтиёжларга мақсадсиз ишлатиб юбораётгани кузатилмоқда. Мисол учун, қимматбаҳо автомашиналар сотиб олиш, данғиллама уй-жойлар қуриш ва бошқалар.

Биз дастлаб мигрант ишчиларимизнинг Жанубий Корея ҳудудларида жойлашувини ўрганиб чиқдик. Элчихона ходимлари томонидан пандемия қоидаларига риоя қилинган ҳолда фуқароларимиз зич жойлашган жойларга бориб, шу кунга қадар 25 дан ортиқ учрашув ташкил этдик ва бу борада ташвиқот ишларини амалга оширдик.

Дипломатик миссия ходимлари ўтказган учрашувлар натижасида шу кунга қадар мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритишни ният қилган 110 нафардан ортиқ юртдошимиз элчихонанинг “Олтин дафтар”ига киритилди. Улар режалаштирган сармояларнинг миқдори 15,5 миллион долларни ташкил этмоқда. Биз бу йўналишдаги ишларни тизимли равишда давом эттирмоқдамиз.

“Олтин дафтар”га киритилган лойиҳалар, асосан, қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим, тиббиёт, чорвачилик, туризм каби соҳаларни қамраб олган. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда 1,5-2 мингдан ортиқ янги ишчи ўринлари яратиш имконияти юзага келади.

 Масалан, ушбу лойиҳалар орасида илғор Жанубий Корея технологиялари асосида олиб кириш таклиф этилаётган 5 та иссиқхона эътиборни тортади. Бу Ўзбекистонда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт миқдорини ошишида муҳим роль ўйнайди.

Самарқандлик тадбиркор ватандошимизнинг ўз сармояси ҳисобидан  ва Сурхондарёлик ватандошларимизнинг корейс ҳамкорлари билан ташкил этадиган замонавий клиникалари эса халқимиз саломатлиги учун хизмат қилади.

Лойиҳалар орасида хориждан зотдор қорамол келтириб кўпайтириш, сут ва гўшт маҳсулотлари етиштириш, балиқхоналар ташкил этиш, шунингдек, интенсив боғлар яратиш, адирларга сув чиқариб, деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантириш каби истиқболли таклифлар мавжуд.

Республикамиз магистраль йўллари ёқасида замонавий кемпинглар ташкил этиш, логистика марказлари қуриш ва маиший хизмат уйлари барпо этиш бўйича лойиҳалар ҳам ушбу йўналишларда илғор халқаро тажрибани тадбиқ этиш имкониятини яратади.

Ватандошларимиз тақдим этган сармоявий лойиҳалар республикамиз маҳаллий ҳокимият органларига етказилмоқда. Жорий йил ноябрь-декабрь ойларида Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ҳокимиятлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида юртдошларимиз билан 10 дан ортиқ видеоконференция шаклида мулоқотлар ўтказилди.

Биз мутасадди ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимият органлари вакилларини Жанубий Кореядаги сармоядор ватандошларимиз лойиҳаларини янги Ўзбекистонимиз равнақига хизмат қилишини ташкил этиш йўлида изчил ҳамкорликка чақирамиз.

Виталий Фен,

Ўзбекистон Республикасининг

                     Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси

Мавзуга оид

Сенат Раиси Санкт-Петербург шаҳрида вата...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегациясин...

Озарбайжондаги ватандошлар учун Ўзбекист...

Ўзбекистон элчихонасида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида Оза...

Ўзбекистон Бош консули Россиянинг Нижнев...

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консули Абдусалом Ҳотамов 15-18 февраль кунлари 16 мин...

Сўнгги янгиликлар