02/Июль/2022 Конституциявий ислоҳотлар
СЕУЛ, 2 июль. /«Дунё» АА/. “Daewoo Shipbuilding & Marine Engineering Co” кемасозлик комплекси таркибидаги “NOKSАN” кемасозлик заводи пайвандловчиси Шаҳноза Жўраева мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
- Мамлакатимизда айни муҳим жараён – конституциявий ислоҳотлар жараёнида мутахассислар, олимлар, турли жамоат ташкилотлари ҳамда фуқароларимизнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, Бош қомусимизни такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда бу борадаги қатор устувор йўналишларга эътибор қаратар экан, ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “ИНСОН – ЖАМИЯТ – ДАВЛАТ” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарурлиги, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши кераклигини билдирган эдил.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг йиғилиш иштирокчиларига нима учун бугунги кунда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш зарурати юзага келганлиги масаласига атрофлича тўхталиб, ўз қарашларини баён қилгани жуда катта эътиборга лойиқ, деб ҳисоблайман.
Чунки Президентимиз ўз нутқида янги яратиладиган қомусимизда энг асосий эътиборни мамлакатимиз халқи манфаатлари, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлари ҳамда узоқ келажакни ўз ичига олган барча соҳаларни эътибордан қолдирмасдан мужассамлаштириш лозимлигига катта эътибор қаратди.
Мен хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган оддий бир фуқаро сифатида ушбу нутқни чуқур таҳлил қилиб, Бош қомусимизга киритиладиган ҳар бир ўзгартириш мамлакатимиз фуқароларининг келажакка бўлган ишончини янада оширишига хизмат қилишига ишонаман.
Айни кунларда эса Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилгани ҳам юртимиздаги барча ислоҳотлар биринчи навбатда инсон қадри учун эканидан яна бир бор далолатдир.