28/Май/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
СЕУЛ, 28 май. /“Дунё” АА/. Жанубий Корея матбуоти мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ёзмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хусусан, мамлакатдаги етакчи нашрлардан бири саналган «The Korea Post» журнали ўзининг расмий сайтида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзолангани ҳақида хабар тарқатди.
Ҳужжатга кўра, 1 июндан бошлаб олий ва биринчи тоифали тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг маоши 15 фоизга, иккинчи тоифали ва тоифаси йўқ ходимларнинг маоши 10 фоизга оширилади. Алоҳида натижаларга эришган соҳа вакилларига 100 фоизгача, ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача ойлик устама тўланиши таъкидланган.
Эндиликда барча тиббиёт ходимлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади. Улар йилда бир марта театр ва концерт томошаларига бепул олиб борилади.
Тиббиёт муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида қўшимча устама жорий этилади.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасидаги илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади, деб ёзади «The Korea Post».