27/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
КИЕВ, 27 март. /«Дунё» АА/. Украиналик сиёсатшунос, фальсафа фанлари номзоди Антон Финько Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар ҳақидаги фикрларини йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
– Ўзбекистон айни пайтда замонамизнинг ўта мураккаб ташқи чақириқлари шароитида шаклланаётган ўзгаришларнинг мақбул миллий моделини излаётган давлатдир.
Умумхалқ овозига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳасининг афзалликлари, биринчи навбатда, ижтимоий барқарорликни сақлашнинг бирламчи аҳамиятини тушунишдир. Лойиҳа, бир томондан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кенгайтирса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақомини тасдиқлайди. Бу жуда муҳим жиҳат. Зеро, иқтисодиётни либераллаштириш, энг аввало, ишбилармон доиралар томонидан олқишланмоқда. Фуқаролик-сиёсий либераллаштириш, биринчи навбатда, илғор ва ижтимоий фаол миллий зиёлиларнинг умидларига жавоб беради.
Иккинчидан, лойиҳада маҳалланинг фуқаролик жамияти тузилмаси сифатидаги мавқеига ойдинлик киритилиши аҳамиятли кўринмоқда. Шу билан бирга, маҳаллалар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги қайд этилган. Замонавий маҳалла шаҳарнинг ўзини ўзи бошқарадиган маҳалла жамоаси сифатида келажакда маҳаллий даражада ташкил этилаётган демократик жараённи янада ривожлантириш учун катта имкониятларга эга.
Учинчидан, лойиҳада Ўзбекистоннинг дунёвий давлат мақоми тасдиқланиши эътиборга лойиқдир. Ҳеч кимга сир эмаски, бир қатор мамлакатларда турли радикал фаол гуруҳлар жамият олдида монополия ёки диний тафаккур ва этник-маданий танловнинг энг изчил вакили сифатида намоён бўлишга интилмоқда. Шу билан бирга, манипуляция ҳолатларида жамият ҳимоясиз бўлиши мумкин. Дунёвий давлат мақоми эса маънавий ва сиёсий монополияга даъволар кўринишидаги бундай манипуляцияларни тўхтатиш имконини беради.
Тўртинчидан, ҳужжат муқаддимасида, жумладан, Ўзбекистон халқи жаҳон ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларнинг маданий меросига таяниши қайд этилган. Бу мутлақо тўғри ёндашув. Дунёга Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб маънавият нурлари, кўзга кўринган давлат арбобларига бешик бўлган юрт буюк аждодлар шаънини асраб-авайлайдиган, шон-шуҳратини оширувчи давлат сифатида ўзининг миллий ғурурини, жаҳонда ўз ўрнини мустаҳкамлаб олишга ҳақли.
Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг ўзгартишлар киритилаётган Конституциясининг қабул қилиниши тарзидаги навбатдаги демократик ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро фаолиятнинг масъулиятли ва тенг ҳуқуқли иштирокчиси сифатида янада ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишига ишончим комил.