30/Май/2021 Таҳлил
АНКАРА, 30-май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 май куни бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишидаги иштирокига бағишланган мақола Анқарадаги АНКАСАМ инқирозий ҳолатларни ўрганиш ва сиёсат маркази веб-сайтида эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифлар Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) кузатувчиси мақомини олганига эътибор қаратган. Мазкур тузилма билан ҳамкорликка қизиқиш ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида савдо-сотиқни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги билан изоҳланади.
Мутахассисларнинг ёзишича, минтақалараро кооперация, хусусан, саноат алоқаларининг кенгайиши барча иштирокчилар иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади ва учинчи давлатлар бозорларини ривожлантиришга имкон беради. Ўзбекистон раҳбари саммитда бу фикрни алоҳида қайд этди. Мақола муаллифлари иқтисодиётнинг реал сектори салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигига ҳам урғу берилгани ҳақида сўз юритган.
"Саммитда Ўзбекистон раҳбари мамлакат интеграциялашувга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириши ҳақида тушунча берди", - дейилади мақолада.
Марказ мутахассисларининг фикрича, Тошкент интеграция сари муҳим қадамлар қўяди. Таъкидланишича, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ЕОИИга аъзолик йўлидаги муҳим омил ҳисобланади.