30/Январь/2023 Долзарб
АНҚАРА, 30 январь. /«Дунё» АА/. Маълумки, инвестиция жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини тарғиб этиш иқтисодий дипломатиядаги муҳим қирралардан бири ҳисобланади.
Бу йўналишдаги фаолияти доирасида мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан мазкур давлатнинг қатор вилоятларига савдо-иқтисодий миссиялар амалга оширилаётир, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хусусан, Туркиянинг муҳим саноат ҳудудларидан бири - Токат вилояти Савдо-саноат палатаси вакиллари, йирик ишлаб чиқарувчилари ва бизнес вакиллари билан мулоқотлар, тақдимотлар, ҳамда давра суҳбатлари ўтказилди.
Мазкур тадбирлар давомида туркиялик ҳамкорларга Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги тўғрисидаги батафсил маълумотлар етказилгани баробарида мамлакатимизда ташқи савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳукумат даражасидаги чора-тадбирлар, яратилган қулай шарт-шароитлар кенг тарғиб қилинди.
Учрашувларда мамлакатимизнинг экспорт имкониятлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва халқаро транспорт-логистика масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Туркиянинг Токат вилояти йирик компаниялари, жумладан “Dimes”, “Asikbaba”, “Kardelen”, “Ülkü Tekstil” билан аниқ мақсадга йўналтирилган алоқалар ўрнатилди. Мазкур корхоналарнинг маҳсулот ишлаб чиқаришдаги кластер тажрибаси ўрганилди. Шу тариқа ўзбек компаниялари билан ҳамкорлик қилиш учун дастлабки асос яратилди.
Бўлиб ўтказилган учрашувларда турк тадбиркорларининг Ўзбекистонга сафарлари, хусусан, Тошкент инвестиция форуми, мамлакатимизда ўтказиладиган йирик кўргазмаларда иштироки юзасидан келишувларга эришилди.