23/Октабрь/2021 Мустақилликка 30 йил
АНҚАРА, 23 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ва Анқара шаҳри Этимесгут тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда концерт дастури ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда ТУРКСОЙ Бош котиби ўринбосари Билал Чакижи, Бурса ҳокими Алинур Акташ, Этимесгут тумани ҳокими Энвер Демирел, шунингдек, Туркиянинг ижтимоий, сиёсий, илмий, академик, ишбилармон доиралари ва хорижий дипломатик корпус, маҳаллий жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Концертда Ўзбекистон давлат филармонияси Тошкент вилояти бўлинмасининг ашула ва рақс ансамбли ранг-баранг мусиқий дастурни тақдим қилди.
Тадбир очилишида Ўзбекистон ва Туркиянинг икки томонлама муносабатлари ҳамда мамлакатимизнинг бой маданий ва тарихий мероси акс этган видеолавҳалар намойиш этилди.
ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби ўринбосари Билал Чакижи барчани Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан яна бир бор ташкилот номидан муборакбод этди.
Этимесгут тумани ҳокими Энвер Демирел туркий маданият ва санъатни асраб-авайлаш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. “Бугун шаҳримиз аҳолиси Ўзбекистон санъати билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди”, деб қайд этди у.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йил 14-20 октябрь кунлари Туркияда ҳам Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан аввал овоз бериш жараёнлари ўтказилди. Ўзбекистон давлат филармонияси вакиллари 24 октябрь кунига режалаштирилган концерт дастури сабабли мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган 43-сайлов участкасида муддатидан аввал сайловда овоз бериб, ўз конституцион ҳуқуқидан фойдаланди.