28/Январь/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ИСТАНБУЛ, 28 январь. /«Дунё» АА/. Туркия оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Президентининг «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашрларда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган инсон ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслар, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш мақсадлари қаламга олинган.
Материаларда Президент қарори билан Ўзбекистонда Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми тўғрисидаги кодекс тасдиқлангани қайд этилган.
«Кодексда ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун” тамойили асосида давлатнинг юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар вакили этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришиш вазифаси қўйилган, - дейилади манбаларда. - Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларида хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндашиши кодекснинг асосий тамойилларидир».
Материалларда таъкидланганидек, ҳужжатга кўра, кодексни билиш ва унинг қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳар бир ходим учун мажбурий бўлиб, кодекс ходим фаолияти самарадорлиги ва интизомини баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади. «Эътиборлиси, ушбу ҳужжатда келтирилган касбий маданият қоидалари, лавозимидан қатъий назар, барча ходимларга нисбатан қўлланади», деб қайд этади турк ОАВ.
Шунингдек, ходимларга нафақат хизмат жараёнида, балки хизматдан ташқари вақтда ҳам маънавий-ахлоқий талаблар қўйилган бўлиб, улар ички ишлар органлари обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар, дабдабабозлик, бошқа иллатлар ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги шарт, деб ёзади Туркия ОАВ.