16/Март/2021 Жамият
ТОШКЕНТ, 16 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Давлат табиат музейида «Тўқайзор ҳайвонот дунёси» янги экспозицияси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Экспозициядан Ўзбекистоннинг турли табиий ҳудудлари — чўл, дашт, тўқайзор ва тоғ-адир ёнғоқзор ланшафтларига оид суратлар ва ҳайвонот дунёси ўрин олди.
Ушбу табиий ҳудудлардаги флора ва фауна дунёси томошабинларга мамлакатимиз ёввойи табиати ва унинг бойликлари ҳақида хабардор қилади.
Экспозиясига ташриф орқали юртдошларимиз, хусусан, ёш авлод вакиллари ҳудудларга хос Қизил китобга киритилган ўсимлик ва ҳайвонот олами тўғрисида батафсил маълумотлар олиш ва бу ҳақда тасаввурларини янада бойитиши мумкин.
Ташкилотчиларга кўра, ушбу кўргазмани ташкил этишда музей фондида сақланаётган ноёб экспонатлардан фойдаланилди.