28/Ноябрь/2022 Иқтисодий дипломатия
ЛОНДОН, 28 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Саид Рустамов Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлиги давлат котибининг парламентдаги ўринбосари Лео Докерти билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон - Буюк Британия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Лео Докерти Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини олқишлар экан, икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Буюк Британиянинг Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли кўп қиррали, хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигини янада кенгайтириш тарафдори эканлиги алоҳида қайд этилди.
Жорий йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида икки давлат расмий идоралари ва ишбилармон доираларининг 200 нафардан ортиқ юқори мартабали вакиллари иштирокида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия кенгашининг (UBTIC) 26-йиғилиши ўтказилишининг муҳимлиги таъкидланди. Тадбир якунида савдони кенгайтириш, инфратузилма, хусусийлаштириш, молиявий хизматлар, шунингдек, таълим соҳаларида лойиҳаларни қамраб оладиган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Лео Докерти билан бўлиб ўтган музокаралар якунида бир қатор тадбирлар, жумладан, ўзаро ташрифлар, шунингдек, декабрь ойида Тошкент шаҳрида икки давлат ташқи сиёсат ва бошқа идораларининг юқори мартабали вакиллари иштирокида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказишга келишиб олинди.