18/Январь/2022 Марказий Осиё
ТОШКЕНТ, 18 январь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 19 январь куни “Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва музликларни асрашнинг долзарб масалалари” мавзусига бағишланган онлайн давра суҳбати бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) ва Тожикистон Республикаси Миллий Фанлар академияси ташкилотчилигида уюштирилмоқда.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Исроилнинг етакчи таҳлил ва илмий-тадқиқот тизимлари ва Оролни қутқариш халқаро фондининг экспертлари иштирок этади.
Ўзбекистон томонидан Сув хўжалиги вазирлиги, Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, Гляциал геология маркази, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти, Хавфли геологик жараёнларини кузатиш давлат хизмати вакиллари қатнашади.
Тадбир доирасида унинг иштирокчилари Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ва минтақа мамлакатларининг музликларни асраш бўйича ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама этишади.
Иқлим ўзгаришининг музликлар тизимига ҳамда Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини сув ресурслари билан таъминлайдиган дарё ҳавзаларига салбий таъсир кўрсатаётгани билан боғлиқ глобал жараёнлар шароитида бўлажак тадбир алоҳида аҳамият касб этади.