Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

25/Февраль/2022   Тадбирлар

Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг терроризмга қарши курашдаги минтақавий ҳамкорлигига бағишланган юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 25 февраль. /«Дунё» АА/. Жорий йил 3-4 март кунлари Ўзбекистон пойтахтида «БМТ Глобал аксилтеррор стратегияси (ГАТС)ни амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси (ҚҲР) доирасида Марказий Осиё малакатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маълумотига кўра, хорижий шериклар томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланаётган ушбу муҳим воқеа Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий ифодасига айланиши баробарида Марказий Осиёда БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга оширишда минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга салмоқли ҳисса қўшади.

Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро  тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги, БМТ тузилмалари - Террорчиликка қарши кураш бошқармаси ва Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этилмоқда. 

Тошкентда гибрид форматда бўлиб ўтадиган анжуманда ХХР, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ҳамда бошқа минтақалар мамлакатларидан 600 нафарга яқин юқори мартабали шахс, миллий ва хорижий таҳлилий марказлар етакчи экспертлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари қатнашади.

Таклиф этилган меҳмонлар орасида БМТнинг аксилтеррор фаолиятини мувофиқлаштириш глобал шартномаси иштирокчилари, БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо мамлакатлар ҳамда минтақадаги террорчиликка қарши фаолиятга донор мамлакатларнинг махсус вакиллари ҳам бор.

Анжуманнинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев номидан мурожаатнома, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг видеомурожаати тингланиши кутилмоқда. Шунингдек, ЕХҲТ Бош котиби Хельга Мария Шмид, БМТ Бош котиби ўринбосари, Террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Владимир Воронков, Бош котибнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегациялари раҳбарларининг чиқиши ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон делегацияси таркибида ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис палаталари ва қўмиталари раҳбарлари, вазирлик, идоралар, нодавлат ташкилотларнинг тегишли мутахассислари, таҳлилий марказлар ва олий ўқув юртларининг етакчи тадқиқотчилари бор.

Конференцияда Марказий Осиё бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси амалга оширилишининг 10 йиллик якуни сарҳисоб қилинади. Форум ушбу минтақада БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича ноёб тажриба билан танишиш ҳамда ўн йиллик таҳлил, кўп томонлама маслаҳат ва консенсус асосида тайёрланган ҚҲР янги таҳририни тасдиқлаш имконини беради. Хорижий иштирокчилар Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг терроризмга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракати билан танишадилар. 

Анжуман доирасида тўртта йўналиш бўйича секция йиғилишлари ўтказилади:

1) Терроризмнинг тарқалишига олиб келадиган шароитларни бартараф этиш;

2)  Терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари;

3) Терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлатлар салоҳиятини кучайтириш чоралари ва бу йўналишда БМТ тузилмаларининг ролини ошириш; 

4)  Инсон ҳуқуқларига умумбашарий ҳурматни таъминлаш ва ҳуқуқ устуворлигини терроризмга қарши курашда фундаментал асос сифатида қабул қилиш чоралари.

Анжуманда Марказий Осиё давлатларининг БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича ҚҲР доирасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор ташкилотининг (МАТТ) роли, жанговар ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардан қайтган аёллар ва болалар билан ишлашда гендер масалалари ҳамда терроризмга қарши кураш дастурларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир алоҳида учта мавзу ҳам таҳлил этилади.

Мазкур тадбирлар ШҲТ МАТТ, ЕХҲТ, БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси (ТҚКБ) ва бошқа ҳамкорлар томонидан ташкил этилади.

Халқаро учрашувнинг якуний ҳужжати сифатида Тошкент декларацияси ва ҚҲРнинг янги таҳрири қабул қилиниши кутиляпти. Ушбу ҳужжатлар билан Марказий Осиё мамлакатлари халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий хавф солаётган терроризмга қарши биргаликда курашишга содиқликларини тасдиқлашгани ҳолда яқин келажак учун аниқ вазифаларни белгилаб олади.

Тошкент декларацияси ва Қўшма ҳаракатлар режаси қоидалари илгари қабул қилинган ҳужжатлар - Терроризмга қарши курашиш тўғрисидаги Ашхобод декларацияси (2011, 2017 йиллар), Терроризмга элтувчи зўравон эстремизм ва радикаллашувга қарши курашишда ёшларнинг ролини ошириш тўғрисидаги Самарқанд декларацияси (2018 йил), «Терроризмга, уни молиялаштириш манбалари, жумладан, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши куршишда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусидаги олий даражали халқаро конференция якунлари бўйича  Душанбе декларациясининг (2019 йил) изчил ва мантиқий давоми бўлади.

 

Батафсил маълумотларни қуйидаги манбалардан олиш мумкин:

- https://gcts-ca.uz/ru;

-жамоатчилик билан алоқалар координаторлари - shokhimardonova.n@isrs.uz, anvarjon.meliboev@un.org, Dildorakhon.Israilova@osce.org;

-концепция эслатмаси, дастур лойиҳаси ва иштирокчилар ҳақидаги материаллари билан конференция веб-сайти орқали танишиш мумкин.

Мавзуга оид

Буюк Британия қироличасининг турмуш ўрто...

Букингем саройи веб-саҳифаси маълумотига кўра, Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг ...

Исроилда Ўзбекистоннинг биринчи фахрий ...

Кеча Исроил ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистоннинг фахрий консули Сари Цвини расмий аккред...

“ИННОПРОМ. Марказий Осиё”: Йирик инвесто...

25-27 апрель кунлари «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида «ИННОПРОМ. Марказий Оси...

Сўнгги янгиликлар