13/Март/2023 Тарих
ТОШКЕНТ, 13 март. /«Дунё» АА/. Тошкент вилояти Бўка туманидан тухумсимон 2 та хум ва 2 та ўрта асрлар археологик ёдгорликларга тегишли ашёлар топилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Фанлар академияси маълумотига кўра, топилган тарихий ашёлар орасида сиртига аёл қиёфаси бўрттириб гавдалантирилган тошбақасимон кўза жуда ноёб ҳисобланади. Бундай идиш Тошкент вилоятида илк бор топилди. У қадимги юнон анъанасига мос равишда ишланган.
Бу қадимги Чоч-Тошкент ҳудудига салавкийлар саркардаси Демодамнинг (милоддан аввалги III аср) келиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Идишда юнон маъбудасининг тасвири ўз аксини топган. Худди шундай қиёфа Туркияда милоддан аввалги II асрда қурилган Аполлон ибодатхонасида ҳам бор.