23/Апрель/2022 Тадбирлар
ТОШКEНТ, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Тошкент иккинчи «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмасига тайёр, деб таъкидлади Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Сардор Қодиров ва «ИННОПРОМ» дастурий директори Антон Атршкин бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
25 апрель куни иш бошлайдиган кўргазмадан кўзланган асосий мақсадлардан бири унда иштирок этадиган давлатлар ва компаниялар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этишнинг янги имкониятларини аниқлашдан иборатдир.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда кўргазма тадбирлари дастури, шўъба йиғилишлари ва давра суҳбатларининг асосий мавзулари тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Венгрия, Франция, Тожикистон, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан 700 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ва ишбилармон делегациялари кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари бўлиши кутилмоқда.