Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

25/Май/2022   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Токиода Ўзбекистондаги гидротехник иншоотлар ва транспорт инфратузилмаларини такомиллаштиришга япон корхоналарини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди

ТОКИО, 25 май. /«Дунё» АА/. Кеча мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонасида “Pacific Consultants Co.,Ltd.” компанияси бош менежери Тоёсу Ёшитака билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. Унда, асосан, икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.


Мулоқот чоғида Ўзбекистондаги гидротехника иншоотлари хавфсизлиги таъминланишига Япония ҳукуматининг грант ёрдамларини жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тоёсу Ёшитака грант кўмагини жалб қилиш бўйича япон компанияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, жорий йил апрель ойида Японияда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани сув форумининг тўртинчи саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти Танака Акихико ўртасида бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувлар ушбу масалани жадаллаштиришга сезиларли туртки берганлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, жорий йил 22 май куни Токиода Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров билан “Pacific Consultants” компанияси президенти Исоно Шинжи ўртасидаги музокаралар пайтида ҳам ушбу лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш масалалари батафсил муҳокама қилинганлиги, хусусан, томонлар дастлабки босқичда 3 гидроиншоотни танлаб олиш ва унинг техник хавфсизлигини таъминлашга Япониянинг илғор технологияларини жалб қилиш учун грант маблағларини олиш жараёнини ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олганликлари таъкидланди.

Учрашувда Тоёсу Ёшитака “Pacific Consultants” компанияси томонидан амалга оширилган бошқа йирик инфратузилма лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни ҳам ўртоқлашди. Жумладан, ушбу компания томонидан Токио-Осака йўналиши бўйича тезюрар поезд ҳамда автомагистраль йўлларининг қурилиши ҳамда Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун қурилган янги спорт инфратузилмалари ва иншоотларининг бош лойиҳаларини тайёрлашда консалтинг хизматлари кўрсатилганлиги маълум қилинди.

Ўз навбатида, япон тарафига юртимизда сўнги йилларда автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш ишларига комплекс ёндошиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, бу борадаги лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш бўйича эътиборга молик чора-тадбирлар ҳаётга тадбиқ этилаётгани маълум қилинди.

Шу муносабат билан, “Pacific Consultants” компаниясининг  инфратузилма муҳандислигига ихтисослашгани ва йўл қурилиши бўйича бой тажрибага эга эканлиги инобатга олинган ҳолда юртимизда амалга оширилаётган йўл хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, бу жараёнга Япониянинг илғор технологиялари ва ноу-хауларини жалб қилиш бўйича ҳамкорликдан ҳар икки томон бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Учрашув якунида лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш хамда бошқа йўналишларда ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини ишлаб чиқиш учун доимий алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, 2500 нафар ходимга эга бўлган Pacific Consultants Co.,Ltd. 1951 йилда ташкил топган бўлиб, инфратузилма муҳандислигига ихтисослашгани баробарида қурилиш бўйича консалтинг хизматларини ҳам кўрсатади. Корхона асосан ҳукуматнинг йирик лойиҳаларини амалга оширади. У консалтинг хизматлари соҳасида Япониянинг ТОП-3 корхоналаридан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид

Ўзбекистон бош консули Мангистау вилояти...

Ўзбекистон бош консули Мангистау вилоятидаги қурилиш корхоналари раҳбарлари билан учрашди...

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мадан...

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш бў...

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти ун...

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ретори Шуҳрат Си...

Сўнгги янгиликлар