26/Июнь/2021 Спорт
ТОШКЕНТ, 26 июнь. «Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти «2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатга биноан, Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензияни қўлга киритган спортчилар учун ўқув-машғулот йиғинларининг якуний босқичини самарали ва сифатли ташкил этилади.
Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларининг иштирок этиши учун уларни спорт анжомлари (шу жумладан, махсус спорт анжомлари), расмий либос ва спорт экипировкаси билан таъминлаш вазифалари белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида 2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХXII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси таркиби тасдиқланди.
Унга кўра, ёзги Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
-олтин медаль учун – 200 000 АҚШ доллари;
-кумуш медаль учун – 100 000 АҚШ доллари;
-бронза медаль учун – 50 000 АҚШ доллари.
Мазкур харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Эслатиб ўтамиз, ёзги Олимпиада ўйинлари жорий йилнинг 23 июль – 8 август кунлари Токиода ўтказилади.
Паралимпия ўйинлари эса Токиода 24 август – 5 сентябрь кунлари ташкил этилади.