28/Ноябрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 28 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бугун Франция элчиси Орелия Бушезни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилингани баробарида 2023 йилга мўлжалланган Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга амалга оширган расмий ташрифи ва олий даражадаги музокаралари якунлари икки давлат раҳбарларининг Ўзбекистон-Франция мулоқотига барча соҳаларда янгича суръат бағишлаш борасидаги сиёсий иродаси мавжудлигини тасдиқлади.
Музокараларда иқтисодий дипломатияни мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин тутди. Ташриф чоғида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликка доир лойиҳаларини амалга ошириш бўйича эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги билдирилди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Франция Миллий ассамблеяси ўртасида, жумладан, Парламентлараро иттифоқ ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда келгуси йилда режалаштирилган қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Томонларнинг маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Элчи Франция жамоатчилиги ва ушбу мамлакат пойтахтига келаётганлар Лувр ва Париждаги Араб дунёси институтида очилган Ўзбекистон музейлари экспонатларининг кўргазмаларига алоҳида қизиқиш билдираётганини таъкидлади.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА).