18/Январь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 18 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ўзбекистон фуқаросининг 2022 йил 17 январь куни Туркистон вилояти (Қозоғистон Республикаси) «Жибек жоли» ўтиш пунктида қўлга олинганлиги ҳақидаги хабарга ойдинлик киритди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, яқинда қатор оммавий ахборот воситаларида Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликларда иштирок этишда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқаросининг 2022 йил 17 январь куни Туркистон вилояти (Қозоғистон Республикаси) «Жибек жоли» ўтиш пунктида қўлга олинганлиги ҳақида хабар эълон қилинди.
Ўзбекистоннинг Олма-ота шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эмас.
«Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ахборот Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитасининг веб-сайтида жойлаштирилган» дея қайд этади манба.