28/Ноябрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 28 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ташқи ишлар вазири Владимир Норов раислигида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, тадбирда вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, ТИВ бўлинмалари ҳамда вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Видеоконференцалоқа орқали ўтган мазкур йиғилишда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари раҳбарлари ҳам қатнашдилар.
Ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан тегишли бўлинмалар ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари раҳбарларининг маърузалари тингланди. Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифалар ижроси танқидий таҳлил қилинди. Вазирлик фаолияти самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммолар ўрганилди.
Иқтисодий дипломатияни ривожлантиришнинг асосий омили бўлган ҳукуматлараро комиссиялар натижадорлигини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Айрим давлатлар билан ушбу институт фаолиятини такомиллаштириш, бу борадаги аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.
Ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувлар самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар алоҳида кўриб чиқилди. Устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан мунтазам равишда маълум мавзуларга доир маслаҳатлашувлар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Кун тартибидан Ташқи ишлар вазирлигининг хорижий давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фаолиятига оид масала ҳам ўрин олди.
Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатияси концепцияси бандларини амалга оширишда Олий Мажлисга кўмаклашиш борасида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатия ваколатхоналари томонидан амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунлари бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.