17/Февраль/2020 Тошкент халқаро инвестиция форуми
ҚОЗОН, 17 февраль /«Дунё»АА/. Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан I Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар бермоқди «Дунё» АА мухбири.
Татаристон Савдо-саноат палатасининг Конгресс залида ўтказилган тадбирда экспертлар, ишбилармон доиралар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Брифингда Бош консул Фариддин Насриев халқаро инвестиция форумининг мақсади, истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ва маҳаллий маҳсулотлар экспортини ташкил этиш учун янги хорижий шерикларни жалб этиш борасида Ўзбекистонда яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Тошкент халқаро форуми Ўзбекистон бозори ҳақида тўлиқ тассаввурга эга бўлиш ва лойиҳаларни тадбиқ этиш учун катта имконият эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, форум дастури, хусусий секторни ривожлантириш ва Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилиш борасидаги устувор йўналишлар тўғрисида маълумот берилди.
Татаристон Савдо-саноат палатаси раиси Шамил Aгеев Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш учун барча шароитлар яратилганини таъкидлаб, россиялик ишбилармонларни Ўзбекистон билан фаол савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка чақирди.