Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


25/Сентябрь/2021   ТИВ янгиликлари

Ташқи ишлар вазирлигида Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг истиқболдаги мақсадлари муҳокама қилинди


ТОШКЕНТ, 25 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида «Гендер стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда  Олий Мажлис Сенатининг Хотин қизлар ва гендер тенглик масасалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева, Юристлар малакасини ошириш институти кафедра мудири Лола Саидова, шунингдек, вазирлик ходимлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вакиллари  иштирок этди.

Анжуманни ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов кириш сўзи билан очиб, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар, миллий қонунчиликнинг бу борадаги талабларини янада кучайтириш вазифалари, вазирлик тизимида мазкур йўналишда қилинаётган ишлар ҳақида тўхталди.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин қизлар ва гендер тенглик масасалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш,  хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига тўхталди.

Сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилингани таъкидланди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Айнан шу кўрсаткич бўйича юртимиз дунё давлатлари орасида топ-50 таликдан ўрин олгани қайд этилди.

Маърузачига кўра, республикада бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилган.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.

- Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади, - деди Малика Қодирхонова. - Шунингдек, стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Сенат вакилининг сўзларига кўра, стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Тадбирда гендер тенглиги масаласида Ташқи ишлар вазирлигида тизимли ишлар бажарилаётгани қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021-2023 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурига асосан вазирлик иш режаси қабул қилинди ва ижрога қаратилди. Бундан ташқари, гендер тенгликни таъминлаш борасида Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Жумладан, «БМТ-аёллар» тузилмаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар билан турли даражалардаги доимий мулоқот йўлга қўйилган.

Йиғилишда жорий йил март ойида Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Доимий ваколатхонаси томонидан БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибининг бажарилиши доирасида аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тўғрисидаги маълумот БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида 6 тилда чоп этилиб, барча аъзо давлатларга такдим этилгани мамнуният билан қайд этилди.

Давра суҳбати спикерлари, шунингдек, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти, Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда ҳимоя ордерининг аҳамияти тўғрисида маърузалар қилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга  батафсил жавоб берилди.

"Дунё" АА фотомухбири Анвар Илёсов олган суратлар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги: Ўзбеки...

Ўзбекистоннинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатия ваколатхоналари одатдаги тартибда ишла...

Ўзбекистон ва Швеция ўзаро алоқаларни ри...

Бугун Ўзбекистон-Швеция ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг ик...

Ташқи ишлар вазири Польшанинг янги тайин...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Польша элчиси этиб тайинланган Радос...

Сўнгги янгиликлар