Uz / Ўз Ru En

Toshkent

23/Июнь/2021   Долзарб

Танзила Норбоева: Ўзбекистонда бюджетни шакллантириш ва ижро этишда Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда


БУХОРО, 23 июнь. /«Дунё» АА/. Хабар берганимиздек, бугун Бухорода «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро форум ўз ишини бошлади.  Форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар самаралари билан иштирокчиларни таништирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбирлари Наргис Саидалиева ва Зафар Йўлдошқулов.

- Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш дунё мамлакатлари билан бир қаторда биз учун ҳам жуда муҳим, ўтган беш йил мобайнида бу масала янги Ўзбекистон барпо этилишининг устувор йўналишларидан бирига айланди, - деди Танзила Норбоева. – 2017 йилда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси, шубҳасиз, бу мақсадларга босқичма-босқич эришишга хизмат қилмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий, илмий, инновацион, энергетика, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа барча соҳалар узоқ муддатли ривожланишни белгиловчи стратегияларни қабул қилди.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз натижасида мактабгача таълимни қамраб олиш икки баробар кенгайди (2017 - 25,4%, 2020 - 51%), олий таълим муассасалари сони икки баробар ошди (65-117). Пандемия даврида соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар ўзини тўла оқлади. Иқтисодиётдаги ислоҳотлар, тармоқларни модернизация қилиш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш туфайли фуқаролар фаровонлиги изчил юксалмоқда

Яратилган ноёб ижтимоий ҳимоя тизими, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш туфайли камбағаллик даражаси тобора камайиб бормоқда (2015-12,8%, 2019-11%). Болалар ва мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этишга эришдик, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Парламентлараро иттифоқ маълумотларига кўра, Ўзбекистон аёлларнинг парламентдаги иштироки бўйича 45-ўринни эгаллаган.

Жаҳон банкининг хотин-қизлар, бизнес ва ҳуқуқий индексида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва муҳим гендер тенглиги ислоҳотларини амалга оширган 27 мамлакат қаторига киради. Бу ютуқлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.

Бертельсманн жамғармаси (Германия)нинг 2020 йилдаги ҳисоботида Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги кўрсаткичлар бўйича 193-ўриндан 66-ўринга кўтарилди. Етакчи халқаро молия институтлари (Халқаро валюта фонди, Осиё тараққиёт банки ва бошқалар) маълумотларига кўра, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиб бормоқда.

Жаҳон банкининг «Doing Business 2020» ҳисоботида Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини яхшилашда энг юқори натижаларни кўрсатган йигирма мамлакат қаторидан жой олди. Ўзбекистон 2021 йилда пандемия даврида ўсишни кўрсатган саноқли давлатлардан бири сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, бюджетни шакллантириш ва ижро этишда барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Бюджет харажатларининг аксарияти ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилган. Бугунги кунда Ўзбекистон бюджетини ижтимоий йўналтирилган бюджет деб айтишимиз мумкин.

Мақсадларнинг аксарияти умумбашарий аҳамиятга эга бўлиб, умуминсоний масъулият ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб этади.

Шу ўринда йирик экологик офат – Орол денгизининг қуриб бораётганидан жабр кўрган Оролбўйи минтақасида вазиятни барқарорлаштириш борасида олиб борилаётган тизимли ишларни айтиб ўтиш жоиз. Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилгани, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ушбу минтақани экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича махсус резолюциянинг яқинда қабул қилингани Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланига ёрқин мисолдир.

Умид қиламанки, икки кун ичида биз ўзаро фикр алмашамиз ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорликнинг янги жиҳатлари ва салоҳиятини кашф эта оламиз.

Форум якунида Бухоро декларациясининг қабул қилиниши биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни янада мустаҳкамлашга асос бўлади.

Мавзуга оид

Латвиядан муносабат: Ўзбекистон Марказий...

Латвия халқаро алоқалар институти директори, Марказий Осиё бўйича етакчи мутахассис Андрис...

Борий Алихонов: денгизнинг қуриши туфайл...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича қўмитаси раи...

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-фор...

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тара...

Сўнгги янгиликлар