25/Март/2023 Долзарб
БРАТИСЛАВА, 25 март. /«Дунё» АА/. «Sitno Holding» компанияси президенти, Словакиянинг собиқ иқтисодиёт вазири, Ўзбекистоннинг Словакиядаги фахрий консули Людовит Чернак «Дунё» АА учун интервьюсида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
– 16 йилдан бери Ўзбекистоннинг Словакиядаги фахрий консули бўлиб ишлаяпман. Фахрий консул сифатида фаолият юритган йилларим давомида Словакия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга қизиқиши қанчалик ортиб бораётганини кўриб турибман. Айниқса, сўнгги 2-3 йил ичида Словакия компаниялари ва тадбиркорларининг ўзлари Ўзбекистон билан турли лойиҳалар ҳамда қўшма тадбирларни муҳокама қилиш учун мулоқотга киришмоқда.
Ўзбекистон ўз тараққиётида тўғри қадам ташламоқда – самарали иқтисодий ислоҳотлар амалга ошириляпти, хорижий инвесторларга кенг имкониятлар тақдим этиляпти, шунингдек, мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Барқарорлик ва яратилган ҳуқуқий муҳит нуқтаи назаридан мамлакат Конституциясини ўзгартириш таклифини юқори баҳолайман ва бу ташаббус референдум давомида аҳоли томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишига умид билдираман.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонни минтақада етакчига айлантирмоқда ва мен Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам бундан ўрнак олади, деб ўйлайман. Чунки бундай ўзгаришлар фуқароларга фойда келтиради, шунингдек, хорижий инвесторлар учун янги эшикларни очади.