02/Февраль/2023 Ҳамкорлик
ВЛАДИВОСТОК, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Сирдарё вилояти ва Россиянинг Приморск ўлкаси ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Владивостокдаги Бош консуллиги кўмагида «Россиянинг Приморск ўлкаси ҳукумати ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш тўғрисидаги келишув» имзоланди.
Ушбу келишувни имзолаш таклифи Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари бошчилигидаги делегация томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойида Приморск ўлкасига бўлиб ўтган амалий сафар чоғида илгари сурилган эди.
Келишувдан кўзланган мақсад халқаро шартномаларга мувофиқ савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда Россия ва Ўзбекистан қонунчилигига асосан, томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш билан изоҳланади.
Имзоланган ҳужжатга кўра, томонлар савдо-иқтисодий, инвестиция, таълим, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт, туризм, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, қўшма корхоналар фаолияти, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур ташкилий, молиявий-иқдисодий имкониятларни тақдим этиш ҳам назарда тутилган.
Келишувда қайд этилганидек, Сирдарё вилояти ва Приморск ўлкаси хўжалик юритувчи субъектларининг ярмаркалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларда иштирок этишига кўмак кўрсатилади. Бундан ташқари, савдо-иқдисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда ахборот алмашуви йўлга қўйилади.