16/Апрель/2022 Инвестициялар
ТОШКЕНТ, 16 апрель. /«Дунё» АА/. Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон Сирдарё вилоятида бўлиб, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси маълумотига кўра, учрашув давомида томонлар автомобиль чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича режалаштирилган лойиҳа бўйича ўзаро англашув Меморандумини имзолади ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилди.
Ғофуржон Мирзаев Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси ҳамкорлигида Хвасон шаҳри Савдо-саноат палатаси томонидан ногирон инсонлар эҳтиёжлари учун Сирдарё вилоятига учта автомобиль ажратилгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у чиқиндиларни утилизация қилиш лойиҳасининг муваффақиятли амалга оширилиши Жанубий Корея компанияларини вилоятга жалб қилиш учун яхши туртки бўлишини таъкидлади ва вилоят ҳокимлиги икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, Ким Чанг Кеон бизнес уюшмаси чиқиндиларни утилизация қилиш лойиҳасини тезроқ муддатларда амалга ошириш жараёнини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга ташрифини ташкил этиш, маҳаллий ҳокимият вакиллари билан дўстлик муносабатлари тўғрисида шартномалар тузиш, ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш бўйича режа ҳақида сўз юритди. Бизнес уюшма вакили бундай қўшма тадбирлар нафақат уюшма ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашини, балки биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали томонлар ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлади.
Автомобиллар чиқиндиларини қайта ишлаш лойиҳаси Жанубий Кореянинг тўртта компаниясини ўз ичига оладиган консорциум томонидан амалга оширилиши режалаштирилган. Жанубий Корея томонидан киритилган инвестицияларнинг умумий миқдори 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади, Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқариш майдони тақдим этилади.
Учрашув якунида Ким Чанг Кеон ушбу лойиҳа Ўзбекистонда чиқиндиларни экологик тоза қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишига умид билдирди.
Жанубий Корея делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.