31/Январь/2023 Долзарб
ШАНХАЙ, 30 январь. /«Дунё» АА/. Шарқий Хитой педагогика университети Марказий Осиё бўйича маркази директорининг ўринбосари Ван Хайдун Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи якунлари юзасидан муносабатини йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Эксперт Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши Марказий Осиёнинг қўшни давлатлари билан энг дўстона ҳамкорликни йўлга қўйиш ва минтақавий характердаги энг долзарб масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш йўналиши эканини алоҳида таъкидлайди.
Шунингдек, у Ўзбекистон етакчисининг Қирғизистонга давлат ташрифи ҳам ўзбек-қирғиз муносабатларида, ҳам минтақавий миқёсда муҳим воқеа бўлганини, бунинг натижасида умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланганини қайд этади.
«Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича кўп йиллик ишларнинг якунлангани жуда муҳим воқеа бўлди, - дейди Ван Хайдун. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Чегара тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш орқали чегарадаги келишмовчиликларга чек қўйишди. Чегара баҳслари ва ҳудудий даъволар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги икки томонлама муносабатларда энг мураккаб муаммолардан бири бўлгани маълум. Ўзбекистон раҳбари ва халқи энг яқин қўшниси билан барча келишмовчиликларни ўзаро мақбул равишда ҳал этишда донолик ва қобилият намоён этди».
Хитойлик экспертнинг айтишича, «яхши қўшничилик муносабатлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни самарали ривожлантириш йўлида ҳеч қандай жиддий тўсиқлар йўқ. Биргаликда автомобиль ишлаб чиқариш ва Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳалари бўйича эришилган келишувлар бунинг ёрқин далилидир. Қолаверса, Ўзбекистон бутун дунё ҳамжамиятига, айниқса, қўшнилари билан чегара бўйича келишмовчиликларга дуч келган давлатлар учун яхши намуна бўлди».