25/Январь/2023 Спорт
ТОШКЕНТ, 25 январь. /«Дунё» АА/. Тошкент ўтказилган «Central Asia Chess Cup 2023» халқаро шахмат мусобақаси якунланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Соврин жамғармаси 18 минг долларни ташкил этувчи ушбу мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан жами 57 нафар шахматчи дона сурди.
Турнир якунларига кўра, эркаклар ўртасида 9 имкониятдан 8 очко жамғарган Ўзбекистон вакили Шамсиддин Воҳидов турнир бош совринини қўлга киритди. Иккинчи ўрин ҳам ватандошимиз Ортиқ Ниғматовга насиб этди. Қозоғистонлик ақл гимнатикачиси Азамат Утегалиев эса учинчи ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда ўзбекистонлик шахматчи Нилуфар Ёқуббоевага тенг келадиган рақиб топилмади. У 5,5 очко билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Жамоавий ҳисобда 1-ўрин Ўзбекистон терма жамоасига насиб этди. Қозоғистон ва Тожикистон шахматчилари мос равишда иккинчи ва учинчи поғоналарни банд этди.