26/Октабрь/2022 Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллиги
СЕУЛ. 26 октябрь. /«Дунё» AА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Корея Республикаси ҳукумати, вазирликлари, ташкилот ва компаниялари, дипломатия корпуси вакиллари, Жанубий Кореянинг етакчи ОАВ раҳбарлари, ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз ҳозир бўлишди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён дунёнинг ривожланган барча давлатлари, шу жумладан, Корея Республикаси билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётгани, дўстона алоқаларимиз натижасида Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатлари алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди.
Хусусан, ўтган йил декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи ўзаро алоқаларда тарихий воқеа бўлгани, Сеул шаҳрида олий даражада музокаралар ўтказилиб, Жанубий Корея парламенти раҳбарияти ва етакчи компаниялари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилгани, мазкур тарихий ташриф кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани алоҳида қайд этилди.
Тадбирда асосий меҳмон сифатида иштирок этган Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Чоё Ёнг Сам ҳамда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси (парламент) қурилиш ва транспорт масалалари қўмитаси раиси Ким Ду Гван тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллиги билан табриклади.
- Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён барча соҳаларда улкан тараққиётга эришди, - деди Чоё Ёнг Сам. – Айниқса, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилони ички ва ташқи сиёсат натижасида халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ўзига хос имиджи шаклланди.
“Икки мамлакат ўрнатган мустаҳкам ишонч ва дўстлик алоҳида стратегик шериклар сифатида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, атроф-муҳит муҳофазаси, фан, таълим, маданият ва бошқа йўналишларда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда, деди у фикрини давом эттирар экан.
Жорий йилда мамлакатларимиз Ўзбекистонда этник корейслар истиқомат қилаётганининг 85 йиллигини ҳам кенг нишонламоқда. Ўтган давр мобайнида этник корейслар Ўзбекистон ва Жанубий Кореяни бир-бирига боғловчи мустаҳкам кўприк бўлиб келаётир. Фурсатдан фойдаланиб, 85 йил муқаддам оғир даврда Ўзбекистонга кўчиб келган корейсларни самимий қабул қилгани ва уларга ўз меҳрини бергани учун Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Жанубий Корея ҳукумати янги дипломатик қарашлар остида глобал марказга айланишни ўз олдига мақсад қилган. Мамлакатларимиз ўрнатган мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорликдан келиб чиқиб, истиқболда жанубий Корея-Ўзбекистон алоҳида стратегик шериклигини янги чўққиларга олиб чиқамиз”.
Тадбирда сўзга чиққан Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Қурилиш ва транспорт масалалари қўмитаси раиси Ким Ду Гван ҳам йиғилганларни қутлар экан, пандемия шароитига қарамасдан икки мамлакат ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.
- 2019 йил охиридан дунё мамлакатлари бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси натижасида кўплаб мамлакатларда ўзаро алмашувлар тўхтаб қолди, -деди у. - Лекин шундай шароитда ҳам Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар сиёсий, иқтисодий, савдо, технология ва бошқа қатор соҳаларида алмашувлар давом эттирилди.- Ўтган йили охирида мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга чиқариш мақсадида олий даражадаги мулоқотлар ўтказилди. Август ойида Ўзбекистонга амалга оширган амалий сафарим давомида мамлакатдаги ижобий ўзгаришларни кўриб, бугун Янги Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўз олдига катта марраларни қўйгани ва унга эришиш учун барча жабҳаларда катта ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим.
Тантанали тадбир иштирокчилари, шунингдек, мамлакатимизда давлатимиз етакчиси Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг мутлақо янги қиёфасини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан атрофлича таништирилди. Бу ислоҳотларнинг энг муҳим натижалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқимизнинг ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик масъулиятини ошириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришдан иборат эканлиги алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари олиб бораётган ва ўзининг очиқлиги, жадаллиги билан ажралиб турувчи изчил, аниқ ҳамда конструктив сиёсат натижасида Марказий Осиё минтақасида бутунлай янги ишонч ва ўзаро англаш муҳити шакллангани, шунингдек, дунёнинг қатор давлатлари, хусусан, Жанубий Корея билан алоқалар сифат жиҳатдан юқори даражага кўтарилгани таъкидланди.
Тадбир доирасида Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ватандошлар томонидан ўзбек мумтоз мусиқа ва замонавий эстрада санъатининг энг сара асарларини ўз ичига олган концерт дастури намойиш этилди.