Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

18/Ноябрь/2021   Мустақилликка 30 йил

Сеулда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди

СЕУЛ, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги элчихонаси томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.


Унда Корея Республикаси ҳукумати, вазирликлари, фирма ва компаниялари, дипломатик корпус вакиллари, ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Фен тадбир иштирокчиларини мазкур сана муносабати билан қутлар экан, бугунги пандемия шароитига қарамасдан икки мамлакат ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Хусусан, жорий йилнинг январь ойида икки давлат Президентлари ўртасида биринчи онлайн-саммит ўтказилгани, давлат раҳбарлари томонидан ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қарорларни қабул қилингани, саммит якунлари бўйича “тўртинчи саноат инқилоби” технологияларини илгари суриш мақсадида “рақамлаштириш” соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолангани алоҳида қайд этди.

Тадбирда асосий меҳмон сифатида иштирок этган Корея Республикаси Президенти ҳузуридаги Шимолий иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси раиси Парк Чонг Су тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга қайта сайлангани билан табриклади.

- Мен Ўзбекистонга кўп маротаба борганман, - деди Парк Чонг Су. - Нафақат Тошкент, балки Самарқанд ва Бухоро каби машҳур сайёҳлик масканларида бўлганимда, мамлакат тез суръатларда ривожланаётганига гувоҳ бўлганман.

Тантанали тадбир иштирокчилари, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг мутлақо янги қиёфасини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан атрофлича таништирилди. Бу ислоҳотларнинг энг муҳим натижалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқимизнинг ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик масъулиятини ошириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришдан иборат эканлиги алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон етакчиси олиб бораётган, ўзининг очиқлиги ва жадаллиги билан ажралиб турувчи изчил, аниқ ва конструктив сиёсат натижасида Марказий Осиё минтақасида бутунлай янги ишонч ва ўзаро англаш муҳити шакллангани, шунингдек, дунёнинг қатор давлатлари, хусусан Жанубий Корея билан алоқалар сифат жиҳатдан юқори даражага кўтарилгани таъкидланди.

Мамлакатнинг иқтисодий очиқлиги ҳамда инвестициялар ва бизнес учун жозибадорлиги, барча муаммоли масалаларни якдиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида ҳал этишга интилиш, дунёнинг етакчи давлатлари ва бошқа мамлакатлари билан мувозанатли ва ўзаро манфаатли алоқалар юритиш, сиёсий ишонч ва халқаро ҳуқуққа риоя этилиши асосидаги ўзаро ҳамкорликка интилишга асосанланг ташқи сиёсатимиз халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилди.

- Ўзбекистон халқини мамлакат ҳаётидаги энг муҳим саналардан бири - давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман, - деди «Hanshin Engineering & Construction» корпорация президенти Чой Мун Кью. - Жанубий Корея дунё мамлакатлари орасида биринчилар қаторида Ўзбекистон мустақиллигини расман тан олган ва дипломатик алоқаларни ўрнатган.

Халқларимизни бирлаштириб турган тарихий ва маданий қадриятлар, дўстлик ва қардошлик ришталари ўзаро алоқаларнинг ривожида мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Яқинда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайлови натижасида Шавкат Мирзиёевнинг қайта сайланганини эшитиб жуда қувондик. Сабаби, сўнгги беш йил ичида икки мамлакат ўртасидаги алоқалар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Ўзбекистонда барча соҳаларда, хусусан исқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва хорижлик инвесторлар учун қулай муҳитнинг яратилгани биз каби бизнес вакилларини, албатта, ўзига жалб қилмай қолмайди. Истиболда Ўзбекистонлик шериклар билан йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

- Хангук чет тиллар университети номидан Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг энг эзгу ниятларини изҳор этаман, - деди мазкур олий билим юртининг Марказий Осиё тадқиқотлари институти профессори, фалсафа фанлари доктори Ким Санг Чол. - Ўзбекистон ўтган йиллар давомида суверен давлат барпо этиш ва  мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича юқори натижаларни қўлга киритди. Сўнгги йилларда эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва шижоати билан мамлакат жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлган давлатга айланди. Албатта бу каби муваффақиятлар замирида янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилган оқилона ички ва ташқи сиёсат ва халқингизнинг муносиб меҳнати туради.

Мамлакатларимиз раҳбарларининг ўзаро яқин дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкорига айланди. Айниқса, сўнгги беш йил давомида амалга оширилган олий даражадаги учрашувлар якунлари, янги йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Ишончим комилки, ўзаро ҳамкорлик, ишонч ва сай-ҳаракатларимиз билан Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар икки халқ манфаатлари йўлида изчил ривожланишда давом этаверади.

- Корея Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб, яъни 1991 йилнинг охирларида тан олган, дипломатик алоқаларимиз 1992 йил 29 январда ўрнатилган, - дейди Suwan TPL транспорт-логистика компанияси Президенти Чой Сунг Хо. - Ўтган давр мобайнида икки давлат раҳбарлари ўртасида олий даражадаги 17 та учрашув ўтказилди. Ушбу учрашувларнинг ҳар бирида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим аҳамиятга эга бўлган келишувларга эришганлар.

Дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён Корея Республикаси барча йўналишларда, хусусан, амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ўзгаришларда, халқаро масалалаларда Ўзбекистоннинг синалган, ишончли стратегик ҳамкорига айланди. Ўз навбатида, Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий жабҳаларда кенг алоқаларни йўлга қўйиш Жанубий Корея манфаатларига тўла мос келади.

Фурсатдан фойдаланиб мен Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман. Дўст Ўзбекистон халқига соғлиқ, фаровонлик ва барқарор ривожланишни тилаб қоламан.

Тадбирда Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирокида мумтоз мусиқа ва замонавий эстрада санъатининг сара намуналарини ўз ичига олган концерт дастури намойиш этилди.

Мавзуга оид

Бурж Халифа осмонўпар биноси Ўзбекистон ...

Бурж Халифа осмонўпар биноси Ўзбекистон байроғи рангларида гавдаланади...

АҚШдан муносабат: Ўзбекистонда бугун мут...

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида мамлакатимизнинг Вашингтонд...

Тошкент давлат шарқшунослик университети...

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати...

Сўнгги янгиликлар