30/Июль/2021 Парламент
ТОШКЕНТ, 30 июль. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Парламент юқори палатасининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган ушбу ялпи мажлисда қатор масалалар кўриб чиқилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири парламент юқори палатаси матбуот хизмати маълумотига таяниб.
Шу жумладан, сенаторлар томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ичимлик суви таъминоти объектларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларида йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция (Тошкент, 2021 йил 15-16 июль) якунларидан келиб чиқадиган вазифалар кўриб чиқилди. Қолаверса, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Шунингдек, Боёвут, Қарши, Бўстон, Тўрақўрғон, Олот туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси, қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисидаги масалалар муҳокама марказида бўлди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.