19/Март/2022 Тадбирлар
ТОШКЕНТ, 19 март. /«Дунё» АА/. Бугун Самарқандда халқаро аэропорт янги терминалининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотига кўра, Самарқанд аэропорти янги терминали орқали биринчи хизмат кўрсатилган қатнов «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Тошкентдан Самарқандга учган, яна ортга парвоз қилган HY-045/046 - ҳаво қатнови бўлди. Ушбу парвоз муваффақиятли амалга оширилди.
Янги терминал мунтазам ҳаво қатновлари сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш имконини беради. Перроннинг модернизация қилиниши натижасида авиатураргоҳ 24 тагача ҳаво кемасини сиғдира олиш даражасига қадар кенгайди. Аэропортнинг йўналиш тармоғини кенгайтириш режаси 2030 йилга бориб йўналишлар сонини 30 тага етказишга қаратилган. Масалан, 2019 йилда Самарқанд аэропортидан 5 та йўналиш бўйича авиақатновлар амалга оширилар эди. «Lufthansa Consulting» халқаро таҳлиллар ташкилоти томонидан ўтказилган мустақил таҳлиллар ушбу аэропорт орқали йўловчи оқими йилига 480 минг кишидан 2 миллион кишига ортишини кўрсатмоқда.
Янги аэровокзал мажмуаси халқаро меъёрларга мос равишда жисмоний имконияти чекланган йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича талабларни ҳисобга олган ҳолда бунёд этилган. Терминалда 29 та рўйхатга олиш пештахтаси, 8 та самолётга чиқиш йўлаклари, 4 та телескопик трапи, 10 та паспорт назорати кабинаси ва учиб кетаётган йўловчилар учун 6 та Е-gate, шунингдек, учиб келган йўловчилар учун 15 та паспорт назорати кабинаси мавжуд. Шунингдек, 3,1 км узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, 24 ўринли авиатураргоҳдан иборат қўшимча қулайликлар яратилди.