28/Март/2023 Долзарб
РОСТОВ-ДОН, 28 март. /«Дунё» АА/. Ростов-Дон шаҳри (Россия) Жамоатчилик палатаси раисининг ўринбосари, тажрибали дипломат, Адигей Республикасининг собиқ вице-президенти, Россия Журналистлар уюшмасининг аъзоси Борис Гокжаев мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги қуйидаги фикр-мулоҳазаларини «Дунё» ахборот агентлиги билан ўртоқлашди:
- Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ислоҳотлари жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортмоқда. Референдумга тақдим этилаётган янгиланган Конституция лойиҳаси ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Ушбу лойиҳада акс этган ўзгаришлар, албатта, биринчи навбатда инсоннинг қадр-қимматини жойига қўяди. Ҳужжат мамлакат жадал ривожланишининг бутун қамровини ўзида ифода этган. Эътиборли жиҳати шундаки, конституциявий меъёр асосида рақобатбардош миллий иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Бугунги кунда барча қўшни давлатлар ва, албатта, Россия Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкори сифатида республика барқарор иқтисодий ўсаётганини эътироф этмоқда. Бозор муносабатларини ривожлантириш, адолатли рақобат учун шароит яратиш янгиланадиган Конституциянинг энг муҳим омилларидан бири эканлиги катта эътиборга сазовордир. Шубҳасиз, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилган мамлакатдагина эркин бозор иқтисодиёти шаклланади.
Ишончим комилки, доно ўзбек халқи буюк келажакни барпо этишга кўмаклашадиган энг тўғри қарорни қабул қилади.