Uz / Ўз Ru En

Toshkent

16/Март/2021   Парламент

Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилишида 2021 йилдаги иш режаси кўриб чиқилди


ТОШКЕНТ, 16 март. /«Дунё» АА/. Кеча Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Танзила Норбоева бошқарди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Парламент юқори палатаси маълум қилишича, йиғилишда сенаторлар, Кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши тузилиши, унга Сенат Раиси раҳбарлик қилишини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, 2021 йил 5 март куни давлатимиз раҳбарининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари белгиланди.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бундан ташқари, Кенгашнинг олдида турган вазифалар, жумладан, жойларда муаммоларни аниқлаб, бартараф этишга йўналтирилган ишларни амалга ошириш, аёллар бандлигини таъминлаш, хунармандчилик ва тадбиркорликка жалб этиш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Қолаверса, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг 2021 йилга мўлжалланган иш режаси лойиҳаси кўриб чиқилди. Жумладан, нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёллар, отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган вояга етган хотин-қизлар, даволанишга муҳтож хотин-қизлар рўйхатини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, йил давомида ҳар бир ҳудудда асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Ишсиз фуқароларга тизимли ёрдам кўрсатиш ҳамда «маҳаллабай» асосда ишларни ташкил этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада меҳнат инспекторига «жамоатчи ёрдамчи» жалб этиш вазифаси белгилаб берилди.

Бундан ташқари, янги рўйхатдан ўтган тадбиркор хотин-қизларга бўш турган биноларни имтиёзли асосда 1 йилгача бўлган муддатга ижарага бериб, ижара ҳақининг 3 ой мобайнида 2,5 миллион сўмгача бўлган қисмини Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш механизми жорий этилади.

Шунингдек, тадбирда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг психологик-ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, озодликка чиқарилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш чораларини кўриш масалаларига урғу берилди.

Бундан ташқари, хотин-қизларни касбга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб этиш, шу мақсадда улар ўртасида грантлар эълон қилиш ҳам белгилаб олинди.

Йиғилишда эрта никоҳ ва эрта туғруқ, оилалардаги зўравонлик, ажримлар, уларни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш масалалари кўриб чиқилиб, бу борада Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти доимий равишда тадқиқотлар ўтказиши белгиланди.

Мавзуга оид

Сенат раиси БМТ Бош котибининг ўринбосар...

2021 йил 15 июль куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева БМТ Бош котибининг ўринбос...

Тошкентда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати...

Бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади...

Ўзбекистон ва Чехия парламентлараро ҳамк...

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнин...

Сўнгги янгиликлар