29/Ноябрь/2022 Иқтисодиёт
ТОШКЕНТ, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг (ИТСВ) Жиззах вилояти бошқармаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларининг раҳбарлари учун вилоятда яратилган инвестиция муҳити билан яқиндан танишиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорлар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар бўйича тажриба алмашиш мақсадида махсус тур ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ИТСВ маълумотига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси делегациясига «NEWLAND» МЧЖ томонидан тўқимачилик маҳсулотлари, ООО «Master building» МЧЖ томонидан қурилиш материаллари, «ADM» МЧЖ томонидан автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш усуллари тақдимот қилинди. Меҳмонлар «Silverleafe» масъулияти чекланган жамиятига қарашли пахта кластери, «Gold Fish agro Export» МЧЖга қарашли балиқчилик кластери, «Irus KON» МЧЖга қарашли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан ҳам танишди.
Тадбир якунлари бўйича Жиззах вилояти корхоналари ва Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси вакиллари ўртасида конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, ҳар икки ҳудудда ўзаро илғор тажрибани ўзлаштириш имконини беради.