26/Март/2023 Ватандошларимиз
ВЛАДИВОСТОК, 26 март. /«Дунё» АА/. Приморск ўлкасидаги «Трилитон» МЧЖда вақтинча ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашув давомида Бош консулхона ходимлари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича 30 апрель куни ўтказилиши режалаштирилган референдумга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил маълумотлар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Ватандошлар ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этишга чақирилди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсиз меҳнат миграциясини ташкил бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинаётган қарорлар ҳақида сўзлаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан меҳнат мигрантларига берилаётган имтиёзлар алоҳида урғуланди.