08/Март/2023 Спорт
ТОШКЕНТ, 8 март. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 12 март куни юртимизда соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб этиш мақсадида спортчилар учун муҳим халқаро рейтинг очколари тақдим этадиган V халқаро Тошкент марафони ҳамда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида бир вақтда «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақалари ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
«Ўзбекнефтгаз» АЖ анжуманлар залида Тошкент марафони ва «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақасига бағишланган матбуот анжуман бўлиб ўтди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, V халқаро Тошкент марафонида иштирокчилар 42 км, 21 км, 10 км ва 3 км масофада ўз кучларини синаб кўришлари мумкин.
«World Athletics» мусобақалар тақвимига киритилган Тошкент марафони ва WА қатъий регламентига мувофиқ ҳолда ўтказилади. Марафоннинг югуриш трассаси AIMS Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси томонидан сертификатланган.
«International Tashkent Marathon» минтақамиздаги энг йирик халқаро спорт мусобақаларидан бири бўлиб, профессионал спортчиларга 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига лицензияларни қўлга киритиш имкониятини беради. Бугунги кунда 22 та хорижий давлатдан профессионал ва ҳаваскорлар спортчилар ушбу марафонда иштирок этиш учун ариза топширган.
Матбуот анжуманида давомида, шунингдек, мамлакатимизнинг 14 та шаҳрида бир вақтда ўтказиладиган «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақаси тавсилотлари очиқланди.
Маълум қилинишича, оммавий югуриш мусобақалари Андижон, Наманган, Фарғона, Чирчиқ, Навоий, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Урганч, Нукус, Тошкент, Қоровулбозор ва Ғузорнинг марказий кўчалари бўйлаб 3 км масофага бўлиб ўтади. Бугунги кунда ушбу оммавий югуриш мусобақасида иштирок этиш учун 75 мингдан ортиқ аризалар қабул қилинган. «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақаларида мамлакатимизнинг 25 мингдан ортиқ талабалар иштирок этиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, V халқаро Тошкент марафони арафасида 11 март куни «Пахтакор» стадионида «Kids Run» болалар оммавий югуриш ва скандинавча юриш мусобақалари ўтказилади.
Ушбу лойиҳадан мақсад болалар ўртасида югуриш спорт тури оммавийлигини ошириш ва фаол турмуш тарзини қўллаб-қувватлашдан иборат.