Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

27/Октабрь/2021   Иқтисодий дипломатия

Польшанинг Люблин шаҳрида Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти тақдим этилди


ВАРШАВА, 27 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича учрашув ва музокаралар ўтказиш учун Польшанинг Люблин шаҳрида бўлди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА  мухбири.

Ўзбекистонлик дипломат сафар давомида Люблин воеводствоси маршалеки (минтақа раҳбари) Славомир Сосновски, Люблин шаҳри мэри Кшиштоф Жук, шунингдек,  «CHEM TRADE CENTER» компанияси раҳбари Пшемислав Фурмановский билан учрашди.

Музокаралар чоғида Польша вакилларига Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти, бизнес ва сармоявий имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.

Люблин воеводствоси маршалеки Славомир Сосновски билан қурилиш материаллари, энергетика ускуналари, қишлоқ хўжалиги ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, фармацевтика, туризм ва бошқа соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Польша минтақаси раҳбари Ўзбекистонда Президент сайловининг муваффақиятли ўтгани ва сайловда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ишончли ғалабаси билан ўзбекистонликларни такбриклади. У, шунингдек, мамлакатимизнинг жадал одимлаётган замонавий тараққиётини диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, Люблин минтақасининг саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти Польшада энг юқори ўринларда туради. Сармоявий ҳамкорликдан манфаатдор қатор йирик компаниялар мавжуд. Шу муносабат билан суҳбатдош Люблин ишбилармон доиралари делегациясининг 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш таклифини билдирди. 

Учрашувда Люблин  минтақаси ва  Фарғона вилояти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Люблин шаҳри мэри Кшиштов Жук ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, томонлар манфаатларига хизмат қиладиган соҳаларда биргаликда ишлашга тайёрлигини маълум қилди.

Шаҳар мэриясида «Янги Ўзбекистон: барқарор ривожланиш стратегияси» мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти ҳақида фикр алмашилди. Хусусан, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг истиқболлари ва бу борада очилаётган имкониятлар хусусида фикр алмашилди.

Тақдимотда шаҳар ҳокими Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш ва ишбилармонлар фаоллигини рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни мамнуният билан олқишлади. Унга кўра, бу  иқтисодиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, чет эл капитали оқими, хорижий мамлакатлар ваколатхоналарини очиш, дунёда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кучли туртки берди.

«CHEM TRADE CENTER» компанияси директори Пшемислав Фурмановский билан музокаралар чоғида Польшага ўзбек кимё маҳсулотларини етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати маҳсулотларини Польша ва Европанинг қатор мамлакатларига мунтазам сотилишини таъминлаётган мазкур компания билан ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболларини ўрганиб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид

Тошкентда савдо-иқтисодий ва илмий-техни...

Кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо ...

ИТСВ: Сингапурлик сармоядорлар Ўзбекист...

Кеча Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) «Western International Ne...

Фарғонада хитойлик ҳамкорлар билан тошда...

Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги элчихонаси томонидан Хитойнинг “Henan GX-Mach Еnviro...

Сўнгги янгиликлар