28/Ноябрь/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
АЛ-ҚУВАЙТ, 28 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кувайтнинг «Q-8 Kuwait Press» газетаси саҳифасида «Яқин ярим йилда Ўзбекистоннинг икки кўргазмаси Париж музейларининг асосий намойиши бўлади» сарлавҳали мақола араб тилида чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Париждаги Лувр музейи ва Араб дунёси институтида очилган Ўзбекистон тарихий меросига бағишланган кўргазмалар ҳақидаги атрофлича маълумотлар қаламга олинган.
Мақолада қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Франция Президенти ҳамроҳлигида Париждаги иккита йирик кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этди - Франция пойтахтидаги машҳур Лувр музейида Ўзбекистондан топилган қадимий Қуръон саҳифалари, 2000 йиллик тарихга оид Будда ҳайкали ва бошқа асори-отиқалар намойиш этилмоқда.
Газета «Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси Луврнинг Ришелье зали ва Ислом бўлимида хронологик кетма-кетликда жойлаштирилган бешта бўлимдан иборат катта кўргазма макони яратилганини алоҳида таъкидлайди. “Булар «Воҳа давлатлари ва подшоҳликлари даври: Ипак йўлидаги маданиятларнинг мулоқоти», «Ўрта асрлар ва санъатнинг гуллаб-яшнаши», «Марказий Осиёда исломнинг тарқалиши, маданият ва фанда Уйғониш даври», «Ибн Синодан Чингизхонгача», «Буюк империялар даври: Темурийлар ва Шайбонийлар» сингари бўлимлардир”, деб ёзади нашр.
Бундан ташқари мазкур мақолада Париждаги Араб дунёси институтида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» номли кўргазма ташкил этилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
«Бу ерда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» номли кўргазма ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг XIX аср охири – XX аср бошларига оид бой моддий маданияти тақдим этилмоқда», деб ёзади «Q-8 Kuwait Press».