25/Май/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
БЕРЛИН, 25 май. /«Дунё» АА/. Германиянинг халқаро алоқалар бўйича ихтисослашган «WeltTrends» журнали саҳифасида сиёсатшунос олим Хуберт Тиликенинг «Амударё бўйидаги Ўзбекистоннинг чегара шаҳри» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Термиз шаҳрининг тарихи ва бугунги ривожланиш одимлари ҳақидаги атрофлича маълумотлар қаламга олинган.
Муаллифнинг ёзишича, Термиз нафақат Ўзбекистоннинг энг жанубий қисмида жойлашган энг иссиқ шаҳри, балки мамлакатнинг қадимий кентларидан бири ҳамдир. «Александр Македонский ушбу қадимий шаҳарни Амударё дарёсини кесиб ўтиб эгаллаган ва кейинчалик бу ҳудуд Будда маданиятининг марказига айланган. Араблар шаҳарга ислом динини олиб келишди. Султон Саодат ёдгорлик мажмуаси каби тарихий ва ажойиб ёдгорликлар бундан далолат беради», деб ёзади журнал.
Алоҳида қайд этилганидек, Термиз сўнгги ўн йилликларда замонавий шаҳарга айланди. Шаҳарнинг беҳад жозибадор эканлиги ва у ерда замонавий таълим муассасалари жуда кўплиги, жумладан, ҳозирги пайтда афғон ёшлари ҳам маҳаллий ўқув марказларида таҳсил олаётгани маълум қилинган.
Мақолакда ушбу шаҳар Марказий Осиё минтақасининг муҳим транспорт маркази ҳисобланиши ҳам қайд этилган.
«Амударё устида қурилган «Дўстлик кўприги» Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарада узунлиги 135 километрга яқин бўлган қуруқлик алоқаси йўлини барпо этишга имкон берган. Термиз юк маркази орқали жанубий қўшни мамлакатга гуманитар ёрдам ташилмоқда. 2002 йилдан 2015 йилгача Германия Қуролли кучларининг стратегик ҳаво транспорти базаси Термиз шаҳрида жойлашган эди», деб ёзади Хуберт Тилике.