02/Февраль/2023 Жамият
ТОШКЕНТ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Даниянинг Копенгаген консенсус маркази билан ҳамкорликда миллий стратегик ҳужжатларни даврий равишда экспертлик таҳлилидан ўтказиб бориш ва баҳолаш бўйича илғор хорижий амалиётни ўрганиш ҳамда тажриба алмашишга бағишланган гидриб шаклдаги давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Марказнинг ахборот хизмати маълумотига кўра, 2022 йил ноябрь ойида «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертларининг Швецияга сафари асносида бўлиб ўтган учрашувда келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинган эди. Мазкур тадбир Стокгольмдаги мулоқотнинг амалий натижаси бўлди.
Икки мамлакат «ақл марказ»ларининг экспертлари иштирок этган ушбу тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирокчиларни 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг доирасида амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича таништирди.
Копенгаген консенсус маркази директори Бёрн Ломборг Ўзбекистонда амалга оширилаётган Тараққиёт стратегияси бўйича ўз фикрларини билдирди.
–Тараққиёт стратегияси каби ўрта ва узоқ муддатли стратегик миллий ҳужжатларни даврий равишда экспертлар таҳлилидан ўтказиб бориш мазкур йўналишда сафарбар қилинаётган моддий ҳамда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда юқори натижаларга эришиш имконини беради, -– деди эксперт. –Хусусан, бизнинг марказ Осиё ва Африка мамлакатларида, жумладан, Индонезия, Того, Уганда, Малави каби давлатларнинг миллий стратегиялар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича амалий ишларини баҳолаган ва экспертлик таҳлилидан ўтказган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Марказ экспертлари томонидан Ҳиндистоннинг миллий стратегияси баҳолаш жараёнидан ўтказилмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Копенгаген консенсус маркази ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Тадбир якунида томонлар қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, миллий стратегиялар билан боғлиқ турли илмий, услубий ва таҳлилий материалларни тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашишга келишиб олди.